Фарғонада Медиа ҳафталик юқори савияда ўтди (+видео)
Фарғона вилоятида журналистика, ахборот хизмати ва замонавий медиакоммуникациялар соҳасида фаолият юритаётган ижодкорлар, матбуот котиблари, блогерлар ҳамда ёш медиа вакилларини бирлаштирган Медиа ҳафталик юқори савияда ўтди.
Уни Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун медиаконтент тайёрлаш маркази Фарғона вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этди. Бир неча кун давомида иштирокчилар медиа соҳасидаги замонавий тенденциялар, рақамли журналистика, сунъий интеллект имкониятлари, SMM, мобилография, ахборот хавфсизлиги ва аудитория билан ишлашнинг янги усуллари бўйича ўқиб- ўргандилар ҳамда тажриба алмашдилар.

Семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, очиқ мулоқотлар ва амалий машғулотлар интерфаол усулда ўзаро фикр алмашув тарзида ўтди.

Ахборот тезлиги ва рақамли платформалар таъсири кучайиб бораётган бир пайтда журналист ва блогернинг масъулияти, холислик тамойили ва тезкор ахборот узатиш маданияти ҳақидаги муҳокамалар долзарблик касб этди. Тажрибали мутахассислар томонидан ижтимоий тармоқларда самарали контент тайёрлаш, фейк хабарларни аниқлаш ва аудитория ишончини сақлаб қолиш масалалари бўйича тавсиялар берилди.

Медиа ҳафталикнинг яна бир муҳим жиҳати ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва уларни касбий жиҳатдан рағбатлантириш бўлди. Бугун медиа ҳафталикнинг сўнгги куни унда фаол иштирок этган қатнашчиларга махсус сертификатлар топширилди. Бу эса уларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, келгусида медиа соҳасида фаол ишлашлари учун муҳим рағбат вазифасини ўтайди.

Тантанали тадбирда сўз олган ташкилотчилар мамлакатда очиқлик ва ошкораликни таъминлашда журналист ва медиа вакилларининг ўрни беқиёс эканини айтдилар. Аҳоли билан давлат ўртасидаги ишончли мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик фикрини шакллантириш ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишда медиа соҳаси муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Фарғонада ўтган Медиа ҳафталик нафақат тажриба алмашиш майдони, балки янги ғоялар, ижодий ҳамкорликлар ва замонавий медиамуҳитни шакллантиришга хизмат қилган платформа сифатида ёдда қолди. Бу каби тадбирлар келгусида миллий журналистика ривожи, ахборот маданияти юксалиши ва ёш кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/STcSVq7hJhM" title="Farg‘onada Media haftalik yuqori saviyada o‘tdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА