Миллионлаб йўловчи йўли: Тошкент метроси 10 йил ичида
Пойтахтда йўлга қўйилаётган ислоҳотлар катта. Айниқса, аҳолига қулай, хавфсиз ва экологик тоза жамоат транспорти хизмат кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган 2024 йилда Тошкент метросида 270,3 миллион йўловчи манзилига етказилган. Бу 2023 йилда ташилган 172 миллион йўловчига нисбатан 98,3 миллион ёки 57,2 фоиз кўп.
Янги йўналишлар, замонавий поездлар, қисқарган ҳаракат интерваллари, рақамли тўлов тизимлари, мобил алоқа ва йўловчилар учун яратилган янги қулайликлар — буларнинг барчаси бир қарашда алоҳида-алоҳида ўзгаришдек кўринади. Аслида эса улар бир жараённинг турли қисмлари: Тошкент метрополитенининг сўнгги ўн йилликдаги катта янгиланишидир. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Президентимиз жамоат транспорти аҳоли кундалик ҳаёти сифати, шаҳарлардаги ҳаракат маданияти, экология ва иқтисодий фаоллик билан бевосита боғлиқ муҳим соҳа эканини таъкидлаб, мутасаддиларга транспорт хизматлари қулайлиги ва хавфсизлигини ошириш, йўналишларни агломерация тамойили асосида кенгайтириш, соҳада рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект ечимларини жорий этиш бўйича аниқ топшириқлар белгилаб берган.
Хўш, ўтган йиллар давомида метро қанча ўзгарди ва бу ўзгаришлар оддий йўловчи ҳаётида қандай аҳамиятга эга?

Соҳа мутахассисларнинг сўзларига кўра, 2016 йил Тошкент метросида 29 та бекат, 38 километрлик йўл мавжуд бўлиб, бир кунда ўртача 180–200 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилган.
Тошкент метрополитени 1977 йилда ишга тушган. Қарийб 40 йил давомида унинг тармоғи 29 та бекат ва 38 километр йўл билан чекланган эди. Сўнгги ўн йилда эса вазият тубдан ўзгарди. 33 километр янги метро йўли қурилди, 21 та янги бекат фойдаланишга топширилди. Натижа — бугун Тошкент метрополитени 50 та бекат, умумий йўл узунлиги эса 71 километрдан иборат. Яъни янги қурилган метро йўлларининг ўзи аввалги 38 километрлик тармоқнинг қарийб ўзига тенг. Бу шунчаки статистика эмас. Метро энди шаҳарнинг аввал хизмат кўрсатилмаган ҳудудларига ҳам кириб борганини англатади.
Метро энди фақат бир нечта йирик йўналишни боғлайдиган транспорт воситаси эмас. У Тошкентдаги кундалик ҳаракатнинг асосий таянчларидан бирига айланиб бормоқда. Аммо миллиондан ортиқ йўловчини ташиш учун фақат янги бекатларнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг ортида яна бир катта ўзгариш бор — поездлар.

“Темир юрак” ҳам янгиланди
Йўловчилар кўпайгани сари ҳаракат таркибини янгилаш зарурати ҳам ортди. Аввал метрополитенда 40 та эски турдаги поезд таркиби мавжуд бўлган бўлса, кейинги йилларда 55 та янги замонавий поезд таркиби харид қилинди. 2026 йилнинг ўзида яна 14 та замонавий поезд олиб келиниб, фойдаланишга топширилди. Бугун метрополитенда жами 91 та поезд таркиби мавжуд. Шундан 55 таси янги замонавий таркиблар.
Демак, ўзгариш фақат рельсларда эмас. Метронинг йўловчини ташийдиган асосий воситаси — поездларнинг ўзи ҳам янгиланмоқда. Метродаги ўзгаришларнинг энг яхши кўрсаткичларидан бири — бекатда поезд кутиш вақти. Чунки йўловчи учун янги километрлар ёки техник кўрсаткичлардан кўра, поезд қанча вақтда келишининг аҳамияти катта.
Тиғиз вақтларда:
— Чилонзор йўналишида 2021 йилдаги 5 дақиқалик интервал бугун 1,5–2 дақиқагача қисқарган;
— Ўзбекистон йўналишида 6 дақиқадан 3 дақиқага;
— Юнусобод йўналишида 11 дақиқадан 4 дақиқага;
— Ер усти ҳалқа йўналишида эса 12 дақиқадан 8 дақиқага тушган.
Метро инфратузилмасидаги ўзгаришларнинг яна бир қисми йўловчига бевосита сезилади.
“Халқлар дўстлиги”, “Новза”, “Мустақиллик майдони”, “Пахтакор” ва “Ҳамид Олимжон” бекатларидаги эскалаторлар замонавийлаштирилди. Бир қатор бекатларда она ва бола хоналари ҳамда жамоат ҳожатхоналари ташкил этилди. Улар орасида “Чилонзор”, “Пахтакор”, “Буюк ипак йўли”, “Амир Темур хиёбони”, “Беруний”, “Дўстлик”, “Чорсу”, “Мустақиллик майдони”, “Олмазор”, “Бодомзор” ва “Чинор” бекатлари бор. Бу каби ўзгаришлар метронинг фақат транспорт эмас, балки йўловчига хизмат кўрсатиш муҳити сифатида ҳам қаралаётганини кўрсатади.
Ер остида ҳам бемалол қўнғироқлашишингиз мумкин
Бир неча йил аввал метро туннелига кирган одам учун мобил алоқанинг узилиши одатий ҳол эди. Бекатларда Wi-Fi хизматлари йўлга қўйилди, тоннелларда мобил алоқа имкониятлари кенгайтирилди. Mobiuz ва Ucell абонентлари учун ер остида ҳам мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Бундан ташқари йўл ҳақини тўлаш тизими ҳам рақамлашди. Банк карталари, мобил иловалар, ATTO, Face Pay ва Palm Pay каби тўлов усуллари кундалик фойдаланишга кириб келди. Шундай қилиб, метронинг «рақамли» қисми ҳам йўловчининг ҳар куни сезадиган инфратузилмага айланмоқда.
Метро қуёшдан энергия олмоқда
Метрополитендаги айрим ўзгаришлар эса йўловчи кўзига деярли ташланмайди. Масалан, электр деполарида қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Улар ишлаб чиқарган электр энергияси метрополитеннинг ички эҳтиёжларига сарфланади, ортиқча қисми эса электр тармоғига сотилиши мумкин. Ҳатто метро ходимлари қуёш панелларини тозалаш учун махсус мослама ишлаб чиққан. Бу ерда гап фақат муқобил энергия ҳақида эмас. Йўловчилар сони миллиондан ошган тизимда энергия самарадорлиги ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим масалага айланади.
Кейинги манзил — 103 километр йўл
Ўн йиллик натижаларнинг ўзи катта. Аммо метро ривожи шу ерда тўхтамайди. 2030 йилгача Тошкент метрополитени тармоғини 79 та бекат ва 103 километрга етказиш, кунлик йўловчилар оқимини 1,8 миллион нафаргача ошириш ҳамда поездлар ҳаракат интервалини 2–3 дақиқагача қисқартириш мақсад қилинган. Агар бу режалар амалга ошса, бугунги 71 километрлик метро тармоғи яна 32 километрга узаяди.
Ер остидаги шаҳар ривожланишда давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА