Миллионлаб сайёҳ — миллионлаб имконият демак
Бугун мамлакатимизнинг туристик харитаси анча кенгайди. Тарихий обидалар, миллий таомлар, бетакрор табиат, замонавий шаҳарсозлик ва меҳмондўстлик хорижликларнинг юртимизга қизиқишини тобора оширмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида 11 миллион 622 минг 103 нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,9 миллион нафарга ёки 19,4 фоизга кўп. Эътиборлиси, Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар географияси ҳамда уларнинг сони мамлакатнинг минтақавий туристик марказ сифатидаги мавқеи тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Туристлар оқимининг асосий қисми Марказий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, Қирғиз Республикасидан 3 миллион 180 минг, Қозоғистондан 2 миллион 703 минг, Тожикистондан эса 2 миллион 553 минг нафар фуқаро келган.
Бундан ташқари Россиядан ташриф буюрганлар сони 1 миллион 104 минг нафардан ошган. Афғонистон ва Хитойдан келган сайёҳлар сони ҳам 430 минг нафардан юқори бўлган. Шунингдек, Туркманистондан 289,9 минг, Туркиядан 169,5 минг, Ҳиндистондан 64,3 минг ва Германиядан 50,8 минг нафар сайёҳ юртимизга ташриф буюрган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА