Бойсуннинг куз манзаралари
Сурхондарё тарафларга яна олтин куз келди. Табиат бу фаслда воҳанинг, айниқса, тоғли Бойсун туманини кўзни қамаштирадиган турли ранг билан безаб, теварак-атрофга ўзгача жило бағишлайди.
Осмонўпар тоғлар, тоғ бағридаги сўлим қишлоқлар, фусункор сариқ ва тилло рангда товланаётган дов-дарахтлар кишига ўзгача завқу шавқ улашади.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Юнусбек Холиёров ҳар йили куз эшик қоқиши билан ана шу гўзалликни тасвирга олишга ошиқади. Уларни жамлаб, ЎзА ўқувчилари билан ҳам баҳам кўришдан фахр ҳиссини туяди.

– Бойсуннинг кузида кишини мафтун этиб, кўнгилларга завқ улашадиган гўзаллик бор, – дейди Юнусбек Холиёров. – Тоғ чўққиларида сузиб юрган оппоқ булутлар, кузнинг салқин ҳавоси, табиатнинг турли рангда жилоланадиган мафтункор манзаралари қадимий Бойсуннинг нақадар улуғвор, гўзал ва бетакрор гўша эканини яна бир бор намоён этади. Табиат шайдоларини ўз бағрига чорлаётгандек таассурот уйғотади.

Фототасвирлар муаллифи нафис суратлари орқали Бойсунни соғинганлар тоғлар қўйнидан олисда бўлса ҳам бу гўшага мафтункор куз фасли ўзгача файз, тароват улашаётганини кўрсатишдан қувонади.

Аслида ҳам она табиат Бойсунни тўрт фаслда тўрт хил мафтункор либос билан буркайди. Бу либослар куз ва қишда ҳам, баҳор ва ёзда ҳам қадимий гўшанинг ўтмишда инсоният тамаддуни бешикларидан бири бўлганини ранг-баранг жило билан нафис оҳангда куйлаётгандек таассурот уйғотади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири