Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди
Тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар, бой маданий мерос ва миллий таомлар каби Ўзбекистон ҳамда Туркияни боғлаб турувчи жиҳатлар кўп. Бу ўхшашлик эса икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш учун катта имконият яратади.
Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ва Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги туристик сафарлар кўламини кенгайтириш, сайёҳлар учун янги маршрутлар таклиф этиш ва биргаликда туризм маҳсулотларини ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди. Бунда халқларимизнинг муштарак тарихи, маданияти ва қадриятлари муҳим имконият сифатида баҳоланди.
Суҳбат давомида Туркиянинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги тажрибасини ўрганишга, хусусан, туристик масканларни самарали бошқариш, меҳмонхона хизматлари сифатини ошириш, тарихий меросни сақлаш ва миллий таомлар орқали сайёҳларни жалб этиш амалиётига қизиқиш билдирилди.

Музокараларда зиёрат туризмига ҳам алоҳида ўрин ажратилди. Ислом цивилизациясига оид тарихий мерос асосида янги сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро конференция, кўргазма ва бизнес тадбирларини қамраб олувчи MICE туризмини ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, туризмни тарғиб қилишда ахборот соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ўрганилди.
Келгусида икки мамлакат журналистлари ва блогерлари учун ўзаро сафарлар ташкил этилади, туристик имкониятлар халқаро аудиторияга кенгроқ танитилади, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш фаоллаштирилади. Учрашув якунида 2026–2028 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Ҳужжатда сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, зиёрат туризми йўналишларини ривожлантириш, янги қўшма маршрутлар яратиш, халқаро тадбирларда ҳамкорликда қатнашиш, кадрлар малакасини ошириш ва Ўзбекистон ҳудудларининг туристик салоҳиятини кенгроқ намоён этишга қаратилган вазифалар белгиланган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА