Миллатлар тотувлиги — юрт бойлиги
Турли миллатларнинг тили, маданияти, миллий анъаналари ва қадриятларини асраб-авайлаши учун яратилаётган шароитлар эса мамлакатимиздаги тинчлик ва тотувлик муҳитининг муҳим омилларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона Ватан, муштарак қадриятлар ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ҳаёт кечирмоқда.
Маҳаллалардаги қўшничилик муносабатлари, оилавий тадбирлар, байрамлар ва турли маданий анжуманлар турфа миллат вакилларининг ўзаро яқинлиги ва ҳамкорлигини намоён этади. Ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз, рус, татар, корейс, уйғур ва бошқа миллат вакиллари бир маҳаллада қўшни, бир жамоада ҳамкасб, қуда-анда ва дўст сифатида яшаб келмоқда.
Айни пайтда мамлакатимизда 16 диний конфессия вакиллари ягона Ўзбекистон халқи сифатида ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг миллий-маданий қадриятларини асраш ва ривожлантириш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун яратилаётган имкониятлар бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларининг амалий ифодасидир.

Бу жараёнда миллий-маданий марказлар муҳим ўрин тутади. Уларнинг тарихи мустақилликдан олдинги даврга бориб тақалса-да, бу тузилмаларнинг кенг кўламда ривожланиши мамлакатимизнинг мустақиллик йилларига тўғри келади. Хусусан, 1995 йилда 72 та миллий-маданий марказ фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 157 тага етган. Ҳар бир вилоятда миллий-маданий марказлар фаолияти учун “Дўстлик уйлари” ташкил этилган.
Мазкур марказларнинг фаолияти миллий байрамлар ва маданий тадбирларни ташкил этиш билангина чекланмайди. Улар миллий тил, тарих, халқ оғзаки ижоди, санъат ва урф-одатларни асраш, уларни ёш авлодга етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Мусиқа ва театр студиялари, бадиий жамоалар фаолияти орқали турли халқларнинг маданий мероси намуналари тарғиб этилмоқда.

Миллий тилларни асраш ва уларнинг ривожини таъминлашда таълим ва ахборот соҳасидаги имкониятлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимиз мактабларида таълим 7 тилда олиб борилаётгани, телерадио каналлар 12 тилда фаолият юритаётгани, газета ва журналлар 14 тилда нашр этилаётгани миллий-маданий хилма-хилликка бўлган эътибор кўламини кўрсатади.
Тошкент вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда ҳудудда 31 та миллий-маданий марказ фаолият юритмоқда. Нурафшон шаҳридаги “ННТ ва Дўстлик уйи”да тожик, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, корейс, уйғур ва рус миллий-маданий марказларининг вилоят бўлимлари учун алоҳида хоналар ажратилган.

Шунингдек, Тошкент туманида немис миллий-маданий маркази, Янгийўл шаҳрида татар миллий-маданий маркази, Чирчиқ шаҳрида “Суғдиёна” тожик миллий-маданий маркази фаолият олиб бормоқда.
Турли миллат вакилларининг жамият ҳаётидаги иштироки ҳам бу жараённинг муҳим жиҳатларидан биридир. Хусусан, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг 88 нафар депутати тожик, қозоқ, қирғиз, рус, корейс ва бошқа миллат вакилларидир. Турли соҳалардаги раҳбарлар, тадбиркорлар, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ва спортчилар орасида ҳам турли миллат вакилларини учратиш мумкин.
Таълим тизимида ҳам миллий тилларни ўрганиш ва уларда таълим олиш имкониятлари сақланган. Тошкент вилоятидаги 875 та умумтаълим мактабининг 161 тасида рус тилида, 28 тасида тожик тилида, 118 тасида қозоқ тилида, 5 тасида қирғиз тилида таълим бериш йўлга қўйилган.

Миллий маданиятларнинг ўзаро яқинлашуви турли байрам ва тадбирларда ҳам яққол намоён бўлади. Наврўз, Халқлар дўстлиги куни, Мустақиллик байрами каби умумхалқ байрамлари билан бир қаторда қозоқ халқининг “Амал” байрами, татарларнинг “Сабантўй”, корейсларнинг “Чхусок”, русларнинг “Масленица” каби миллий тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Уларда миллий қўшиқ ва рақслар, миллий таомлар ҳамда ҳунармандчилик намуналари намойиш этилади.
“Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Дўстлик” фестиваллари, шунингдек, Алишер Навоий, Бобур билан бирга Абдураҳмон Жомий, Низомий Ганжавий, Ажиниёз, Бердақ, Абай Қўнонбоев, Пушкин каби буюк аллома ва адибларнинг ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ҳам турли халқлар ўртасидаги муштарак маънавий ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Миллатлараро тотувликнинг энг муҳим кўринишларидан бири эса кундалик инсоний муносабатларда намоён бўлади. Қўшнининг байрамида иштирок этиш, миллий таомларини бирга баҳам кўриш, фарзандларни бир мактабда ўқитиш, қувонч ва ташвишларни биргаликда енгиш — буларнинг барчаси ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлайди.

Бугун мамлакатимизда турли миллат вакилларининг ўз тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаши билан бирга, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётда фаол иштирок этиши учун имкониятлар яратилмоқда. Бу жараён миллий ўзликни сақлаш ва умуммиллий бирликни мустаҳкамлашни бир-бирига зид эмас, балки ўзаро уйғун жараён сифатида намоён этмоқда.
Энг муҳими, турфа миллат ва элат вакилларини бирлаштириб турган муштарак туйғу — Ўзбекистонни умумий Ватан деб билиш, унинг тинчлиги ва тараққиётига дахлдорлик ҳиссидир.
Манзура Рустамова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси,
ЎзА