Миллат генофондини зарарли иллатлардан асраш долзарб вазифа
Гиёҳвандлик инсон саломатлиги ва келажаги, руҳий ҳолати, оилавий муносабатлари ва ижтимоий ҳаётига жиддий зарар етказадиган иллатдир. Наркожиноятчилик эса гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар билан боғлиқ қонунга хилоф ҳаракатлардан иборат жиноят бўлиб, жамият хавфсизлигига таҳдид солади. Шу боис, бу иллатларга қарши мунтазам равишда кураш олиб борилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан "Аҳоли саломатлигини ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир давомида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иштирокчиларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, унинг жамият ва инсон саломатлигига таъсири, шунингдек, мазкур турдаги жиноятлар учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, наркожиноятчилик оддий шахсий муаммо эмас. У кўпинча уюшган жиноий гуруҳлар, ноқонуний молиявий оқимлар, коррупция ва бошқа жиноятлар билан боғланади. Шу сабабли наркотикларни тарқатишга қарши курашда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки таълим муассасалари, ота-оналар, маҳалла ва бутун жамоатчиликнинг иштироки муҳим ҳисобланади.
Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунда, айниқса, ёшларга гиёҳванд моддаларнинг зарари ҳақида кенг маълумот бериш, оилада соғлом психологик муҳит яратиш, бўш вақтни спорт ва фойдали машғулотлар билан мазмунли ўтказиш муҳим. Наркотикларни тарқатиш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида тегишли органларга ўз вақтида хабар бериш бу борадаги жиноятларнинг олдини олишда муҳим ҳисобланади.

Депутатлар яқинда “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганини қайд этиб, унинг мазмуни ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, ушбу ҳужжат наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини самарали тартибга солиш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соҳада давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилгани таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА