Аёллар қайси соҳаларда коррупциявий хатарларга кўпроқ дуч келмоқда?
Ўзбекистонда коррупцияга қарши муросасиз курашиш ва жамиятда гендер тенгликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ шу вақтгача глобал миқёсда ҳам, миллий даражада ҳам коррупция кўпинча “гендер-нейтрал”, яъни хотин-қизлар ва эркакларга бир хил таъсир кўрсатувчи ҳодиса сифатида баҳоланиб келинган.

Ваҳоланки, халқаро тадқиқотлар коррупция жамиятнинг заиф қатлами, хусусан, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, соғлиқни сақлаш, таълим ва давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларига нисбатан салбий таъсир кўрсатишини тасдиқламоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ва Европа Иттифоқи молиявий кўмагида “Ўзбекистонда гендер ва коррупция: туб ўзгаришлар сари” мавзусида ўтказилган тадбирда шу ҳақда гап борди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни яхшиланаётгани натижасида мамлакатимиз гендерга оид халқаро мажбуриятларини самарали бажараётганини таъкидлади.
Аёлларнинг жамиятдаги ўрни яхшиланиши, муносиб касбларда ишлаши, айниқса, раҳбарлик лавозимларини эгаллаши учун тўсиқ бўлаётган омиллар изчиллик билан бартараф этилмоқда.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, аёллар томонидан коррупция ҳолатларига йўл қўйилиши масаласига ҳам кўз юмиб бўлмайди. Гарчи, бу умумий жиноятчилик таркибида нисбатан кам улушни ташкил этса-да, уларни коррупцияга ундаётган ижтимоий-иқтисодий омиллар, уларнинг меҳнат шароитлари ҳамда ҳуқуқий ҳимояси масалаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тақозо қилади.

Тадбирда БМТ Тараққиёт дастури томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ва Европа Иттифоқи молиявий кўмагида ўтказилган “Ўзбекистонда гендер ва коррупция: туб ўзгаришлар сари” номли тадқиқот натижалари ҳам тақдим этилди.
Тадқиқот доирасида халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчилик таҳлил қилиниб, респондентлар ўртасида сўровнома ўтказилди.
Сўров иштирокчиларининг қарийб 70 фоизи “суюнчи”, “таниш-билиш” каби норасмий амалиётлар, шунингдек оилавий маросимлар билан боғлиқ ижтимоий кутилмалар коррупция тарқалишига таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Тадқиқотнинг яна бир муҳим йўналиши – аёллар қайси соҳаларда коррупциявий хатарларга кўпроқ дуч келаётганини аниқлашга қаратилди. Иштирокчилар аёллар, асосан, тиббий хизматлардан фойдаланиш, оилага ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ жараёнларда коррупциявий хатарларга кўпроқ дуч келишини таъкидлади.
Тадқиқот натижалари аёллар учун коррупция билан боғлиқ ҳолатларда мурожаат қилиш ва ҳимоя механизмларини янада хавфсиз, қулай ҳамда гендерга сезгир асосда такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.
Шу асосда коррупцияга қарши ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.
Парламент, суд ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этган тадбирда гендерга сезгир ёндашувларни коррупцияга қарши қонунчилик ва сиёсатга жорий этиш зарурлиги айтилди.
Коррупцияга қарши курашиш ва гендер тенглигини таъминлаш йўналишида фаолият юритувчи тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ижтимоий стереотипларга қарши курашиш ҳамда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш таклиф этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА