Меҳр ва эътибор – инсон қадри учун хизмат қилмоқда
Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кам таъминланган оилалар аъзоларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга йўналтириш борасида маҳаллаларда амалий ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда маҳалладаги ижтимоий ходимлар ташаббуси билан амалга оширилаётган “мини лойиҳа”лар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шундай лойиҳалардан бири Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрининг Шодлик маҳалласида йўлга қўйилган бўлиб, унга “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқаролар жалб этилган. Айни пайтда мазкур ташаббус доирасида қарийб 20 нафар хотин-қиз тўқувчилик сирларини ўрганмоқда.

Ҳафтасига икки марта мутлақо бепул ташкил этилаётган тўгарак иштирокчилар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Энг муҳими, бу каби машғулотлар эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг касб-ҳунар эгаллаши, келгусида эса оиласи даромадига муносиб ҳисса қўшишига хизмат қилмоқда.

Тўгарак қатнашчиларидан бири Меҳринисо Сирожова давлат ҳисобидаги ижтимоий уйда вояга етмаган фарзанди билан яшайди. У “Ижтимоий реестр” рўйхатида туради.

– Биз каби эҳтиёжманд оилалар учун касб-ҳунар ўрганиш катта имконият бўлмоқда. Энди ҳунар орқали қўшимча даромад топишимиз мумкин. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор бизга янада куч ва ишонч бағишлаяпти, – дейди у.

Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида 2026 йилнинг биринчи чорагида жами 743 та “мини лойиҳа” амалга оширилган. Натижада 687 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган, 1 минг 671 нафарининг бандлиги таъминланган ҳамда 1 минг 124 нафар ёшлар фан ва спорт тўгаракларига жалб қилинган.

Бу каби лойиҳалар ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига амалий кўмак кўрсатиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири