Мажбурий ижро чораси қўлланилгач, қарздорлик тўлиқ қопланди
Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг 2026 йил 17 апрелдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор С.Р.дан ундирувчи “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ фойдасига 6 миллион 149 минг 520 сўм коммунал қарздорликни ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси Қизилтепа туман бўлимига келиб тушгач, давлат ижрочиси томонидан қонунчилик талабларига мувофиқ иш юритувига қабул қилинди ҳамда ижро иши қўзғатилди.
Давлат ижрочиси томонидан қарздор С.Р. га ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий муддатда бажариш зарурлиги юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди ва огоҳлантириш юборилди. Бироқ белгиланган муддатда қарздор томонидан қарздорлик бартараф этилмаганлиги сабабли, қонунчиликда назарда тутилган мажбурий ижро чоралари қўлланилди. Жумладан, қарздорга тегишли автотранспорт воситаси хатланиб, белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Қўлланилган мажбурий ижро чораси ўз самарасини бериб, қарздор томонидан коммунал хизматлар учун мавжуд қарздорлик тўлиқ қопланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири