Марказий Осиёда чегара хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик кучайтирилади
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги чегараларни бошқариш бўйича дастури — BOMКАнинг 11-босқичини расман ишга туширишга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур тадбирда Марказий Осиёнинг беш давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқаро ташкилотлар ҳамда Европа Иттифоқи вакиллари иштирок этди.

Очилиш конференциясида Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси У.Пирмуҳамедова бошчилигидаги делегация ҳам фаол қатнашди.
Тадбир давомида чегара хавфсизлигини таъминлаш, трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, контрабанда ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, чегара ҳудудларида яшовчи аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, божхона соҳасида хавфларни таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги тамойилларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилишича, BOMКА дастури Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда замонавий чегара бошқаруви тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, BOMKA дастури 2003 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Дастур Европа Иттифоқи кўмагида амалга оширилиб, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида хавфсизлик, барқарорлик ва самарали чегара бошқарувини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Тадбир иштирокчилари мазкур дастурнинг янги босқичи минтақада хавфсизликни янада мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда замонавий божхона ва чегара назорати тизимларини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ш.Маматуропова, ЎзА