Мактаблар таъмирига беш миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди
Сурхондарё вилоятининг маҳаллий бюжетидан ажратилган бу маблағ эвазига харид қилинган ўн турдаги зарур қурилиш материаллари таълим даргоҳларини 2026–2027 ўқув йилига сифатли жорий таъмирлаб, турли пул йиғимларининг олдини олишга хизмат қилади.
Қурилиш материалларини топширишга бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов онлайн иштирок этиб, мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, ёш авлодга муносиб билим ва тарбия бериш, шунингдек, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги нуфузи ва касбий мавқеини янада юксалтиришга қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида фикр юритди. Жанубдаги воҳада ҳам замонавий таълим муассасалари қад ростлаётгани, тубдан таъмирланиб, ўқитувчи ва ўқувчилар учун барча шароит яратилаётгани тўғрисида фикр алмашди. Катта маблағ эвазига ажратилган қурилиш материаллари мактабларни замонавий кўринишга келтириш ва турли пул йиғимларининг олдини олишга қаратилгани қайд этилди.

Вилоятнинг жорий йил инвестиция дастури доирасида 41 та лойиҳа амалга оширилиб, тўртта янги мактаб барпо этилди. Иккита мактаб мукаммал таъмирланиб, 35 та мактаб реконструкция қилинди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирга муҳтож 8 та мактабгача таълим ташкилоти ва 24 та умумтаълим мактаби танлаб олиниб, 5 миллиард 943 миллион сўм маблағ эвазига қиёфаси тубдан ўзгартирилди. Айни пайтда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида амалга ошириладиган 29 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Таълим сифатини ошириш ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун мамлакат бюджети ҳисобидан 97 та умумтаълим мактаби 18 миллиард 721 миллион сўм маблағ эвазига 1 минг 649 та замонавий компьютер жамланмаси билан таъминланди.

Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида тўртта мактабга 310 дона компьютер жамланмаси етказиб берилди. 146 та умумтаълим мактаби 2 миллиард 978 миллион сўмлик замонавий ўқув-лаборатория ва техник жиҳозлар билан таъминланди. “Менинг мактабим” лойиҳасида иштирок этган 978 та мактабга 984 дона замонавий электрон доска ўрнатилди.

Таълим жараёнини амалиёт билан узвий боғлаб, ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришга қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ якунланаётган ўқув йилида 15 та мактабда касб ўргатиш амалиёти жорий этилди. 30 та мактабда 10–11-синфларнинг уч минг нафар ўқувчиси 10 турдаги касб-ҳунарни ўрганиши учун зарур ўқув жиҳозлари ва хомашё билан таъминланди.

Тадбирда воҳадаги 978 та умумтаълим мактабига маҳаллий бюджетнинг беш миллиард сўмдан ортиқ маблағи эвазига харид қилиниб,топширилган қурилиш материаллари синфхоналар, йўлаклар, санитария хоналари ва бошқа инфратузилма иншоотларини таъмирлаш учун ишлатилади.

Мактабларни жорий таъмирлаш келгуси ойда бошланади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири