Маблағ суд орқали истеъмолчига қайтарилди
Бугунги кунда уй-жойга эга бўлиш мақсадида улушдорлик асосида қурилиш ташкилотлари билан шартнома тузиб, маблағ киритаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Бироқ шартнома тузишнинг ўзи етарли эмас. Унда белгиланган мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши ҳам муҳим. Акс ҳолда, фуқаро нафақат уй-жойдан, балки ўз маблағларидан ҳам узоқ вақт фойдалана олмай қолиши мумкин.
Фуқаро Г. Комилов “QIZILQUM OLTIN QURILISH” МЧЖ билан хонадон қуриш бўйича шартнома тузиб, 203 миллион 840 минг сўм маблағни тўлиқ тўлаган.
Бироқ қурилиш ташкилоти шартномада белгиланган мажбуриятларини бажармаган. Шу сабабли тарафлар ўртасидаги шартнома бекор қилиниб, фуқарога тўланган маблағни қайтаришга келишилган. Аммо келишувга қарамай, жамият фуқаронинг маблағини қайтармаган.
Шундан сўнг Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фуқаронинг манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди иш ҳолатларини ўрганиб, истеъмолчининг талабларини қонуний ва асосли деб топган ҳамда тўланган маблағни ундириш ҳақида қарор қабул қилган.
Агар шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаса ва истеъмолчининг қонуний талаби ихтиёрий равишда қондирилмаса, у ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ваколатли ташкилотларга ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Энг муҳими, юртимизда истеъмолчи ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири