Лимон ҳам шифо, ҳам даромад
Охирги йилларда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида лимончилик соҳасида эришилаётган натижалар, замонавий иссиқхоналар фаолияти ва маҳаллий деҳқонларнинг меҳнати ҳудуднинг аграр салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Иссиқхона хўжаликларда лимон етиштиришга ихтисослашган тадбиркорлар сонининг ортиб бораётгани эса соҳанинг иқтисодий аҳамиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Айни кунларда куз фаслининг салқин ҳавосига қарамай, тумандаги айрим иссиқхоналарда лимон ҳосилини йиғиб олиш ишлари қизғин.

Хусусан, лимончилик соҳасида ўн йиллик тажрибага эга тадбиркор Ўлмас Маҳмудов раҳбарлигидаги “RAVON OZODA RIVOJ” масъулияти чекланган жамияти фаолияти эътиборга молик. Хўжаликнинг умумий ер майдони 2,8 гектарни ташкил этади. Шундан 2 гектари лимон етиштиришга ихтисослаштирилган замонавий иссиқхонадан иборат. Мазкур хўжаликда кўп йиллардан буён лимон етиштириб келинмоқда. Бу ерда ҳар йили ўртача 15–20 тоннагача ҳосил олинаётгани иссиқхона имкониятлари ва соҳада тўпланган тажрибанинг самарасини кўрсатади.

– Хўжалигимизда ўн нафардан ортиқ доимий иш ўрни яратилган, – дейди тадбиркор Ўлмас Маҳмудов. – Ҳосилни йиғиб олишда эса 50–60 нафарга яқин маҳаллий аҳоли вакили мавсумий ишга жалб этилади. Бу эса аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий даромадларини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жараёнда терилган лимон меваси сараланади ва махсус қоғоз қутиларга жойланади. Замонавий агротехнологиялар асосида етиштирилаётган лимонлар пойтахтдаги йирик савдо мажмуаларига етказиб берилмоқда. Шунингдек, Россия Федерацияси корхоналари маҳсулотлари учун асосий экспорт бозори ҳисобланади.
Хўжаликда катта сиғимга эга замонавий совутгичли омборнинг мавжудлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. У маҳсулотларнинг сифатини сақлаш, белгиланган муддат давомида экспортга тайёрлаш имконини беради.

Лимончиликда юқори натижаларга эришишда маҳсулот сифати ва фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Тошкент вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармасининг Юқори Чирчиқ туман бўлими томонидан фермер хўжаликлари ерлари, боғлар, томорқалар ва иссиқхоналарда етиштирилаётган ўсимликлар фитосанитария назоратдан ўтказиб келинмоқда. Ҳудуддаги 56 гектар майдондаги 27 та иссиқхонада лимончиликдан ташқари турли сабзавот экинлари ҳам парваришланяпти. Уларда мунтазам равишда назорат тадбирлари ўтказилади.

Фитосанитария инспекторлари томонидан мунтазам равишда дала назорати амалга оширилиб, шубҳа уйғотган кўчатлардан намуналар олинмоқда ва махсус лабораторияларга юборилмоқда. Агарда касаллик аниқланса, лаборатория хулосалари асосида унга қарши курашиш чоралари бўйича тавсиялар бериляпти.

Қайд этиш жоизки, замонавий иссиқхоналар фаолияти ва лимончиликда тўпланаётган тажриба ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб беришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай хўжаликлар фаолиятини ривожлантириш аграр тармоқ салоҳиятини ошириш ва мамлакатимиз экспорт имкониятларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА