Коррекцион синф ташкил этганларга субсидия берилади
Ўзбекистонда алоҳида таълимга эҳтиёжманд болалар учун таълим сифатини оширишга қаратилган янги механизм жорий этилди. Нодавлат секторга давлат кўмаги берилади.
Юртимизда таълим сифатини янги босқичга кўтариш ишлари изчил давом этмоқда. Хусусан, бунда алоҳида таълимга эҳтиёжманд болаларга бўлган эътибор ҳам кучайди.
Ана шундай ислоҳотларнинг амалий ифодаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларга нодавлат талим хизматлари кўрсатишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2026 йил 12 ноябрда қабул қилинган қарор билан “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга нодавлат таълим ташкилотлари томонидан коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш харажатларини субсидиялаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Мазкур Низом алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга нодавлат таълим ташкилотлари томонидан коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш харажатларини субсидиялаш тартибини белгилайди.
Нодавлат таълим ташкилоти коррекцион синф ташкил этиш мақсадида битим тузиш учун умумий ўрта таълим хизматлари кўрсатиладиган ҳудуддаги ҳудудий бошқармага “ЯМИҲ” АТ орқали белгиланган маълумотларни кўрсатган ҳолда ариза билан мурожаат қилади.
Аризани кўриб чиқиш якуни бўйича ҳудудий бошқарма томонидан 1 иш куни ичида битим тузишни рад этиш асослари аниқланмаган тақдирда, ахборот модулида битим тузиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса расмийлаштирилади ва битим имзоланади.
Қайд этилишича, нодавлат таълим ташкилотининг ҳар бир коррекцион синфидаги ўқувчилар сони 12 нафардан ошмаслиги лозим.
Шунингдек, маълум қилинишича, коррекцион синфда таълим оладиган ҳар бир бола учун тўлиқ бир ойда қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:
Тошкент шаҳрида БҲМнинг 11 баравари;
вилоятлар маркази ва Нукус шаҳрида БҲМнинг 9,5 баравари ҳамда бошқа туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 8,5 баравари миқдорида.
Ушбу маблағлар таълим олувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда реабилитациясига йўналтирилиши қатъий назорат қилинади.
Шербек Исломов,
ЎзА