ФВВ академиясида Давлат байроғи куни ватанпарварлик руҳида нишонланди
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли, миллий ғурур ва ифтихор манбаидир. Давлат байроғи қабул қилинган кун — 18 ноябрь санаси мамлакатимиз тарихидаги энг муҳим ва унутилмас кунлардан бири сифатида ҳар йили юртимиз бўйлаб кенг нишонланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида «Байроғимиз — ғуруримиз, фахримиз ва ифтихоримиз!» мавзусида байрамона тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Давлат байроғининг мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг миллий ўзлиги, шаъни ва ғурури, тинчлиги ҳамда бирдамлигини ифодаловчи муқаддас рамз сифатидаги тарихий ва маънавий аҳамияти кенг ёритилди. Давлат байроғи халқимизнинг миллий ғурури, мустақиллигимиз ва Ватан тимсоли экани яна бир бор эътироф этилди.
Шунингдек, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор, юртга садоқат ва давлат рамзларига юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш юзасидан маърузалар қилинди.
Тадбир давомида курсантларнинг шеърий чиқишлари, санъаткорларнинг куй-қўшиқлари ҳамда байроғимизга бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Қайд этилганидек, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар нафақат тарихий санани муносиб нишонлаш, балки ёш авлод ва бўлажак қутқарувчилар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятлар ва давлат рамзларига бўлган чуқур ҳурмат туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилади. Зеро, ўз байроғини эъзозлаган, унинг шаънини ҳамиша баланд тутган халқнинг эртанги куни ёруғ, келажаги эса буюкдир.
Гулноза Бобоева,
ЎзА