Экибастуз яқинида Қизил китобга киритилган яраланган бургут қутқарилди
Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида ўрмончилар Қизил китобга киритилган яраланган қушни қутқаришди. Чўл бургути Экибастуз шаҳридан 20 километр жойда топилган.
Маҳаллий фуқаро воқеа ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, Майқайин қишлоғида далада яраланган қуш ётган.
– Хабар тушгач, мутахассислар воқеа жойига зудлик билан етиб борди, – деди Павлодар ўрмон ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Аждар Жусипов. – Улар жароҳатланган қуш мамлакат Қизил китобига киритилган чўл бургути эканини аниқлади. Қаноти шикастланган жонивор хавфсиз жойга олиб келиниб, ветеринария шифокорлари томонидан назоратга олинди. Текширувдан сўнг чўл бургути қишлоқдаги махсус манзилга вақтинча жойлаштирилади.
Аввалроқ Павлодарда аҳоли буғу боласи ҳаётини асраган эди. Шчербакти трассаси бўйидаги Галкин қишлоғидан вилоят марказига кетаётган оиланинг бир аъзоси кўзи кичик кийикчага тушган. Йўловчилар ёввойи ҳайвонни ўзлари билан олиб кетиб, ўрмончиларга топширган. Аввалроқ балиқчилар муз кўчкиси остида қолган итни қутқарган.
А.Маматов, ЎзА