Корея тажрибаси асосида иссиқлик таъминоти тизими модернизация қилинади
Ўзбекистонда марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини замонавийлаштириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича халқаро ҳамкорлик изчил давом этмоқда. Бу борада Корея Республикасининг илғор тажрибасини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Корея иссиқлик корпорацияси (KDHC) ўртасида имзоланган икки томонлама Англашув меморандуми доирасида амалга оширилаётган ишлар яна бир муҳим босқичга етди.
Шу муносабат билан «Иссиқликтаъминоти» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Илҳом Тўраев ҳамда Корея Республикасидан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида «2025–2026 йиллар Ўзбекистон KSP дастури якуний ҳисоботи» муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тадбир давомида мамлакатнинг марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича амалга оширилган таҳлиллар, техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар ва истиқболли таклифлар тақдим этилди.
Айниқса, Фарғона вилоятида биомасса хомашёси асосида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар ушбу технология қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан самарали фойдаланиш имконини бериши, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириши ҳамда ҳудудларнинг энергия мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган мустақил иссиқлик таъминоти моделларини жорий этиш, энергия тежамкор технологияларни кенг қўллаш ва атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажмини камайтириш бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари ҳам муҳокама қилинди.
Кореялик экспертлар хулосасига кўра, биомасса асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали табиий газ истеъмолини сезиларли даражада қисқартириш, иссиқлик энергияси манбаларини диверсификация қилиш ҳамда йиллик углерод чиқиндиларини камайтириш мумкин. Бу эса мамлакатнинг «яшил иқтисодиёт»га ўтиш стратегияси ва энергия хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган устувор вазифаларга ҳамоҳанг.

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги мазкур ҳамкорлик нафақат илғор технологиялар ва инновацион ечимларни жорий этиш, балки маҳаллий кадрлар малакасини ошириш, энергия самарадорлигини юксалтириш ва аҳолини барқарор иссиқлик таъминоти билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Келгусида ушбу ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқилган таклифларни амалиётга босқичма-босқич жорий этиш мамлакатда замонавий, экологик тоза ва иқтисодий жиҳатдан самарали иссиқлик таъминоти тизимини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА