Шавкат Раҳмон: “Танланган асарлар”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шавкат Раҳмоннинг “Танланган асарлар” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан шоирнинг “Рангин лаҳзалар” (1978), “Юрак қирралари” (1981), “Очиқ кунлар” (1984), “Гуллаётган тош” (1985”, Уйғоқ тоғлар” (1986), “Ҳулво” (1987), “Сайланма” (1997), “Абадият оралаб” (2012) каби китобларидаги ўтлуғ шеърлари, Федерико Гарсиа Лорка, Рафаэл Альберти, Йон Карайон, Наби Хазри, Ўлжас Сулаймон, Тўқтағул Сотилған ўғли сингари жаҳон таниган шоирлар ижодидан амалга оширилган таржималари, шунингдек, матбуотда эълон қилинган суҳбат-интервьюлардан айримлари жой олган. Яна бир жиҳати, ўқувчи ушбу китобда шоирнинг ўтган асрнинг олтмишинчи, етмишинчи йилларида Ўш вилоят газетасида эълон қилинган, лекин шу пайтгача тўпламларига киритилмаган дастлаб шеърлари билан ҳам юзма-юз келади.
Шавкат Раҳмон ижодининг энг сара намуналари битта китобда жам бўлгани ғоят қувонарли.
Бу китоб – ўзликни англаш ҳақида.
Бу китоб – Миллат ва Ватанни Озод кўриш ва бу йўлда олиб борилажак шонли кураш ҳақида.
Бу китоб – ёт урфлар ҳаётимизга суқилиб кириб қадриятларимизни парчалашга тайёр турганда жонимизга асқотадиган энг мустаҳкам ҳимоя – қалқон.
Бу китоб – миллатнинг мард ўғлонлари руҳини чархлайдиган, кимлигини доим эсига солиб тургувчи “қўнғироқ”...
Бу китобдан жой оллган шеърлар ёшларимизни Ватанни, унинг одамлари, тупроғи, ҳар бир гиёҳини севишни, ардоқлашни ўргатади.
Саҳар турдим, қуёшни кутдим,
шудрингларда чайдим юзимни.
Булоқларга лабимни тутдим
ва борлиқда кўрдим ўзимни...
Кўзларимдан тошди шуурим,
тўлиб кетди бағримга наво.
Мангуликдай туюлди умрим,
мангуликдай туюлди дунё...
Шоирнинг Ватан ҳақидаги ихчам аммо салмоқли ушбу шеърига ҳам эътибор беринг:
Жойлашгансан шунчалар чуқур...
ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормаклик учун
узун умрим етмаса керак.
Шавкат Раҳмоннинг “Танланган асарлар”ини, албатта, ўқинг. Ушбу нодир китоб билан кутубхонангизни бойитинг.
А.Нарзуллоев,
ЎзА