БУГУН: газеталарни варақлаганда...
“Янги Ўзбекистон” “Иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ҳудудларда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгиланди” номли саҳифа билан бошланади.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 21 июль куни ҳудуд ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор тафсилотлари ҳақида хабар, маълумотлар берилган. Хусусан, йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилингани, айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш, инвестиция, саноат ва экспорт кўрсаткичлари бўйича захиралар тўлиқ сафарбар этилмагани қайд этилиб, ойлик, чораклик ва йиллик режаларни бажармаган раҳбарларга нисбатан масъулиятни кучайтирилиши белгиланганлигига алоҳида урғу берилади. Газетанинг бугунги сонида эълон қилинган “Инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат. Тошкент халқаро молия маркази нега конституциявий асос билан яратилди?”, “Сув – стратегик бойлик. Соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 карра ошиб, 2,7 миллиард долларга етди” каби мақолалар чуқур таҳлилига асослангани билан эътиборли. Таниқли журналист Мақсуд Жонихоновнинг “Муҳташам янги давр. Ватанпарварлик ва элпарварликнинг садоқат саҳифалари” мақоласини ўқиркансиз, халқимиз босиб ўтаётган йўл манзаралари кўз олдингиздан бир-бир ўта бошлайди. Бугун билан бор-йўғи ўн йил ўртасидаги фарқни кўрасиз, ҳис қиласиз ва кўнглингиз ғурурга тўлади.
“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари раислигида 21 июль куни бўлиб ўтган ҳудуд ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлашга оид видеоселектор йиғилиши тафсилотлари кенг ёритилган. “Давлат харажатлари марказида – инсон манфаатлари”, “Хавфсиз муҳит – криминоген вазиятни яхшилашнинг муҳим шарти”, “Пенсия таъминоти соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамаси” каби саҳифалар, “Факт ва рақамлар: дастлабки кўрсаткичлар чегара эмас”, “Аввал қишлоғи энди аввалгидек эмас”, “Музработнинг “қора марварид”лари” каби мақолалар ўқувчи диққатини тортади. Журналист Ғайрат Отажоновнинг “Қайта яшнаётган Оролбўйи” мақоласини ўқиб, яшилланаётган ҳудудлардаги эпкин сизнинг ҳам кўнглингизни яйратаётганини дил-дилдан ҳис қиласиз. Жорий йилнинг ўзида денгизнинг қуриган тубида 116,5 минг гектар янги яшил қопламалар ташкил этилган. Расмий маълумотларга кўра, кейинги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 2 млн. гектардан ортиқ янги ўрмонзорлар ташкил қилинди. Бу дунё миқёсида чўл ҳудудларини кўкаламзорлаштириш бўйича глобал экологик лойиҳалардан бири сифатида этироф этилаётгани кишини қувонтиради.
“Hyrriyat”нинг бугунги сонида бир қатор эътиборни тортадиган мақолалар бор. Таниқли спорт журналисти Нормурод Мусомовнинг “Мундиалдан кейинги ўйлар” рукнида берилган “Тасодифга ишониб... омад кутилмас!” мақоласидаги кенг таҳлил футбол ва унинг атрофидаги ҳақиқатларни бир қадар очиб бергандек бўлади. Жаҳон чемпионати тугадими, тугади! Хўш, унда илк бор қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида қандай фикр ва мулоҳазалар билдириш мумкин? Йўл қўйилган хатоларнинг, бой берилган имконият ва йўқотишларнинг сабаблари нималарга бориб тақалади?.. Журналист мақолада ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилган. Мақоладаги “Эркаклар орияти қўзғалганда ва ожиз қолгандагина унсиз йиғлайди...” деган жумлалар кишини ўйга толдиради... Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Мўъжизалар диёри” номли эссеси муқаддас Макка сафари тассуротларига бағишланади. Эссени ўқиркансиз, муаллифга қўшилиб қалбингиз ҳаприқиб туради. “Маккаи мукаррама деганда, эшитган одамнинг кўнгли яйраб кетади. Ислом оламининг маркази – Макка шаҳри, мана, кўз олдимизда намоён бўлди. Узоқда Байтулҳарам ёнидаги соат минораси кўзга чалинди. Автобусимиз етиб келганда вақт пешиндан оққан эди. Қўлимдаги соат маҳаллий вақт – 17.00 ни кўрсатарди... Байтуллоҳ зиёратига жўнадик. Одам шу қадар кўпки, игна ташланса ерга тушмайди. Ҳамма олдинга интилади...” Эссени миқириб ўқийсиз.
“Oʻzbekiston ovozi”нинг бугунги сонида эълон қилинган ХДП депутатларининг ярим йиллик фаолиятига бағишланган саҳифадаги ушбу эътироф эътиборни тортади: “Умуман олганда, ярим йиллик натижалар сарҳисоби депутатларимиз ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиб, халқпарвар сиёсатнинг фаол иштирокчиси ҳамда ташаббукори бўлишга интилаётганидан далолат беради. Улар партиямизнинг асосий ғояси – ижтимоий адолат, инсон қадри ва аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини таъминлаш йўлида изчил ҳаракат қилаётгани айни ҳақиқат”. Газета саҳифаларидаги “Жазирама шунчаки ноқулай об-ҳаво эмас”, “Янги авлод муҳандиси шу ерда шаклланади”, “Олти ойда юртимиздаги маҳаллаларнинг 64 фоизида жиноят юз бермади” каби мақолаларда бугунги кун манзаралари, ҳаёт ҳақиқатлари акс этган.
“Milliy tiklanish”да яхши, таҳлилий мақолалар бор. “Кесканёр”да нима гаплар?”, “Кўринмас ўғри ёки бир ҳавола ортидаги хавф тўғрисида”, “Болалар учун 100 миллион”, “Оғриқли финал” каби мақолалар ўқувчи этиборидан четда қолмайди. Адлия вазирлиги ходимаси, таниқли блогер Шаҳноза Соатованинг “Алифбога тузатишлар ортиқча харажатларсиз амалга ошади!” номли мақоласида “Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 июнда бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилгани, қанчалик мураккаб бўлмасин, ҳар қандай расмий ҳужжат, давлат белгилари, дарслик ва бошқалар токи улар ўз муддати келиб алмашмагунча ўз кучида қолиши ва барча ўзгартиришлар босқичма-босқич амалга ошиши тўғри йўл эканлиги таъкидланади.
“Mahalla” бугунги маҳалаларимиз, жамиятимиз ҳаётини ўзида акс эттирадиган кўзгу. Албатта, ўқинг. “Маҳаллани ривожлантиришда “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди”, “Оила қуриш илмини болаликдан бошлаш керак”, “Ривожланишнинг янги фаолият тамойили қандай бўлади?”, “Фақат раис эмас, “еттилик” аъзоси ҳам лавозимга сайланса...”, “Фаол ҳаётга қадам” муҳтожлар ҳаётида мужассам...ми?”, “Яшаш манзили бўлмаса, қандай рўйхатга олинади?” каби мақолаларда берилган маслаҳатлар, муҳим ахборот ва маълумотлар кундалик ҳаётингиз учун жуда зарурлигини ҳис қиласиз.
“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. Газета кейинги кунлар ҳамманинг диққат марказида бўлган ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ масала – “Чилла” номли ажойиб фото билан бошланади. Фото – бундай кунларда саломатликни асраш, айниқса, туш пайти қуёш остида узоқ қолмасликдан огоҳлантиради. “Сўмда нолларни камайтириш керакми?”, “Арвоҳ” профиллар”, “Рақамли қароқчилик”, “Адабиётга инвестиция” каби мақолаларда ёшларни қизиқтирган мавзулар, жамият ҳаёти акс этган...
Бугунги газеталарни ўқинг...
А.Нарзуллоев,
ЎзА