ИИВ тизимида фуқаролар мурожаатларига қандай эътибор қаратилмоқда?
Ички ишлар вазирлиги тизимларига фуқаролардан келаётган мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда?
ИИВ ахборот хизматидан маълум қилишларича, вазирлик маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ходимларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилган.
Ҳисобот даврида департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларига жами 7 минг 820 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2 минг 31 таси ички ишлар органларига хизматга қайта тиклаш, 2 минг 29 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан, 1 минг 317 таси ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, 902 таси хизмат жойини ўзгартириш ва интизомий жазо чораларини қайта кўриб чиқиш, 835 таси ички ишлар органларига ишга қабул қилиш ҳамда 706 таси хизматни ўташ билан боғлиқ бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил этган.
Барча мурожаатлар амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида вазир ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи томонидан ҳудудларда 11 марта шахсий ва сайёр қабул ўтказилди. Уларда 693 нафар фуқаронинг мурожаати бевосита эшитилиб, аксарият масалалар жойида ҳал этилди ёки ижроси назоратга олинди.
Мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, ички ишлар органларидан асоссиз равишда бўшатилган 86 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланиб, улар хизматга қайта қабул қилинди. Бу тизимда қонунийлик ва адолат тамойилларини таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини яна бир бор намоён этди.
Таҳлиллар мурожаатларнинг салмоқли қисми ходимларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалаларга тўғри келишини кўрсатди. Шу муносабат билан ҳисобот даврида 21 минг 748 нафар ходим турли ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамраб олинди.
Ички ишлар вазирлиги томонидан келгусида ҳам фуқаролар мурожаатларини тезкор, холис ва қонуний асосда кўриб чиқиш, ҳар бир масалани манзилли ҳал этиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг касбий билим ва кўникмалари ҳамда хизмат муомаласи маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА