«Конституция билимдони» ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган
Шу кунларда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида «Конституция билимдони» танловининг ҳудудий босқичлари ташкил этилмоқда.
Танловнинг вилоят, туман ва шаҳар босқичларида ёшлар Конституция, қонунчилик асослари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда демократик қадриятларга оид билимларини синовдан ўтказмоқда.
Таъкидлаш лозимки, бу каби интеллектуал беллашувлар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Конституциявий билимларни мустаҳкамлаш ёш авлод вакилларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Партиянинг барча ҳудудий ташкилотлари томонидан уюшқоқлик билан ташкил этилаётган танлов босқичларида ғолиблар муносиб тақдирланиб, эътироф этилмоқда. Бу эса ўқувчи-ёшларнинг ўз устида ишлаши, билимларини янада мустаҳкамлаши учун мотивация бўлади.
М.Комилова, ЎзА