Ўзбекистон байроғи: Миллий рамз, халқаро эътироф, чексиз имконият
Дунё харитасида ҳар бир давлатнинг ўз ўрни, халқаро майдонда эса ўз овози бор. Бу овоз дипломатик музокараларда, халқаро ташкилотлар минбарларида, спорт мусобақалари ва илмий анжуманларда намоён бўлади. Ана шу жараёнларда мамлакатни танитадиган энг муҳим рамзлардан бири давлат байроғидир.
Ўзбекистон байроғи ҳам бугун турли қитъаларда, халқаро учрашувлар ва нуфузли тадбирларда мамлакатимиз номини намоён этмоқда. Халқаро майдонда туғимиз кўтарилиши ортида мустақил давлат сифатида тан олинганлик, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва эришилаётган ютуқлар мужассам. Спортчининг ғалабаси чоғида, дипломатик учрашувлар залида ёки халқаро ташкилотлар қароргоҳида ҳилпираётган байроғимиз бир ҳақиқатни эслатади: Ўзбекистон – жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тараққиёт йўли ва халқаро мақсадларига эга давлат.
1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун мамлакатимиз давлат мустақиллиги тарихидаги муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Байроқ давлат суверенитети рамзи сифатида белгиланган. Қонунда байроқ халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасини ифода этиши алоҳида қайд этилган. Демак, байроқнинг вазифаси фақат миллий маросимлар ёки байрамлар билан чекланмай, мамлакатнинг халқаро майдондаги расмий қиёфасини ҳам ифодалайди.
Халқаро минбарлардаги миллий тимсол
Ўзбекистон давлат байроғининг халқаро майдондаги тарихини мамлакатимиз мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятига қўшилиши жараёнидан айро тасаввур этиб бўлмайди.

1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди. Шу куни Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳи олдида мамлакатимиз байроғи кўтарилди. Бу воқеа мустақил Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши ва глобал мулоқот майдонида ўз ўрнига эга бўлиши йўлидаги муҳим босқичдир.
Бугун БМТ минбаридан туриб билдирилаётган ташаббуслар, халқаро конференциялардаги иштирок, кўп томонлама музокаралар ва турли тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларини белгилайди. Мамлакатимиз минтақавий барқарорлик, тинчлик, яхши қўшничилик, экологик муаммоларни ҳал этиш, транспорт боғлиқлиги ва барқарор тараққиёт масалаларида ўз қарашлари ҳамда таклифларини илгари сурмоқда.
Бундай жараёнларда давлат байроғи шунчаки рамз эмас, балки музокараларда иштирок этаётган томоннинг мустақил давлат экани, ўз миллий манфаатлари ва қарорларига эга субъект сифатида қатнашишини англатади.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа минтақавий ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бу майдонларда байроғимиз билан бирга мамлакатимизнинг сиёсий позицияси, иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорликка тайёрлиги ҳам намоён бўлади.
Халқаро муносабатларда давлатнинг нуфузи фақат расмий иштирок сони ёки дипломатик алоқалари билан ўлчанмайди. Илгари сурилаётган ташаббусларнинг амалий натижаси, шериклар билан ишончли муносабат ўрнатиш ва умумий муаммолар ечимига қўшилаётган ҳисса ҳам муҳим мезон ҳисобланади. Демак, халқаро майдонда байроқ кўтарилиши фақат эътироф эмас, балки мамлакат зиммасига юкланадиган масъулиятнинг ҳам ифодасидир.
Ғалабалар ортидаги байроқ
Давлат байроғининг энг таъсирчан намоён бўладиган манзилларидан бири – халқаро спорт ареналари. Мусобақада спортчи натижа учун курашади, унинг ғалабаси ортида эса бутун мамлакатнинг қувончи, ишончи ва ифтихори туради. Медаль тақиш маросимида байроқ кўтарилиши эса беқиёс туйғуларни бир нуқтада жамлайди.
Парижда ўтган 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинлари бу борада Ўзбекистон спорти тарихида алоҳида саҳифа очган. Миллий терма жамоамиз 8 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 206 мамлакат орасида 13-ўринни эгаллаган. Бу мустақил Ўзбекистоннинг Олимпия ўйинларидаги энг яхши натижасидир.

Мазкур муваффақиятнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, дзюдочи Диёрa Келдиёрова Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпия ўйинларида олтин медаль қўлга киритган илк аёл спортчига айланди. Боксчиларимиз эса беш олтин медаль билан ушбу спорт турида жамоавий ҳисобда биринчи ўринни эгаллади.
Бу натижалар фақат статистика эмас, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги салоҳияти, спорт мактаблари ва ёш авлод имкониятларини ҳам кўрсатди. Энг муҳими, Париж ареналарида кўтарилган байроғимиз орқали мамлакатимиз номи дунёнинг миллионлаб мухлисларига яна бир бор танилди.
Бундай эътироф фақат Олимпия ўйинлари билан чекланмайди. Спортчиларимизнинг халқаро чемпионатлар, қитъа мусобақалари ва ёшлар беллашувларидаги иштироки ҳам мамлакат имижини шакллантирмоқда. Ҳар бир ғалаба ортида машғулот, интизом, мураббий меҳнати, кўп йиллик тайёргарлик бор. Шу боис байроқ баланд кўтарилиши, аввало, инсон салоҳиятининг халқаро эътирофидир.
Илм-фан ва таълим соҳасидаги ютуқлар ҳам худди шундай аҳамиятга эга. Масалан, 2025 йил Дубайда ўтказилган 57-халқаро кимё олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси иккитадан олтин ва кумуш медални қўлга киритди. 2026 йил Нукусда ташкил этилган Абу Райҳон Беруний номидаги III халқаро кимё олимпиадасида эса ўзбекистонлик иштирокчилар жами 16 – 4 олтин, 6 кумуш ва 6 бронза медалга сазовор бўлди.
Бундай натижалар мамлакатимизда илмга қизиққан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятини халқаро даражада намоён этиш учун шароит яратиш муҳимлигини кўрсатади. Спорт майдонидаги чемпионлар қаторида фан олимпиадалари ғолиблари ҳам Ўзбекистон номини дунёга танитмоқда.
Байроқ ортидаги мамлакат: халқаро имиж ва янги имкониятлар
Бугун давлатнинг халқаро майдондаги қиёфаси фақат сиёсий муносабатлар ёки расмий учрашувлар билан белгиланмайди. Иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият, таълим ва технологик тараққиёт ҳам мамлакатнинг дунёда қандай қабул қилинишига таъсир кўрсатади. Масалан, халқаро кўргазмаларда тақдим этилаётган миллий маҳсулотлар, хорижий бозорларга чиқарилаётган товарлар, сайёҳларни жалб этаётган тарихий шаҳарлар ва маданий мерос намуналари Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурни бойитади. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларимиз нафақат тарихий обидалари, балки бугунги замонавий тараққиёт билан уйғунлашиб бораётган муҳити орқали ҳам халқаро эътиборни жалб этмоқда.
Иқтисодий имкониятлар ҳам мамлакатнинг халқаро имижида муҳим ўрин тутади. Хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик, саноат лойиҳалари, экспорт географияси кенгайиши ва транспорт-логистика алоқалари ривожланиши Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнлардаги иштирокини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Миллий маданиятни дунёга танитиш ҳам айни жараённинг муҳим қисми. Мақом санъати, миллий ҳунармандлик, адабиёт, кино ва гастрономия орқали халқимизнинг бой мероси халқаро аудиторияга етказилмоқда. Бу эса Ўзбекистонни фақат географик ҳудуд ёки иқтисодий ҳамкор сифатида эмас, балки ўзига хос тарих, қадриятлар ва ижодий салоҳиятга эга мамлакат сифатида англаш имконини беради.
Албатта, мамлакатнинг барча ютуқларини ўзида жамлаган рамз бўлса-да, давлат байроғининг халқаро майдондаги қадри амалий ишлар билан мустаҳкамланади. Байроқ остида фаолият юритаётган дипломатлар, ўз соҳасида муваффақиятга эришаётган мутахассислар, жаҳон ареналарида ғолиб бўлаётган спортчилар, илм-фан ва маданият вакиллари мамлакат обрўсини шакллантиришга ҳисса қўшади. Шу маънода давлат байроғига ҳурмат фақат туғни баланд кўтариш ёки тантанали маросимларда намоён этиш билан чекланмайди. Бу – мамлакат манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, ўз касбида юқори натижаларга эришиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва Ўзбекистон номига муносиб бўлиш масъулияти ҳамдир.

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун бизга ана шу ҳақиқатни яна бир бор эслатади. Байроғимиздаги ранглар ва рамзлар халқимизнинг тарихий хотираси, бугуни ва келажакка интилишини мужассам этган. Байроғимиз халқаро майдонда кўтарилиши эса мустақил давлат сифатидаги ўрнимиз, эришган ютуқларимиз ва олдимизда турган мақсадларимизни намоён этади.
Зеро, байроқнинг қадри фақат баланд кўтарилгани эмас, балки вакилларимизнинг дунёдаги ўрни, сўзи ва амалий ишлари билан ҳам белгиланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА