“Киберхавфсиз тадбиркорлик” — замонавий бизнес учун муҳим эҳтиёж
Бугун тадбиркорликни интернетсиз, электрон тўловларсиз ёки рақамли хизматларсиз тасаввур қилиш қийин.
Айнан шу долзарб масалага эътибор қаратиш мақсадида O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ёшлар учун “Киберхавфсиз тадбиркорлик” акцияси ташкил этилди.
Тадбир ёш тадбиркорлар, стартап ташаббускорлари, IT соҳаси вакиллари ва бизнес эгалари учун ўзига хос амалий мулоқот майдонига айланди. Унда иштирокчилар рақамли муҳитда бизнесни хавфсиз юритиш, маълумотларни ҳимоя қилиш ва интернет орқали содир бўлаётган фирибгарликлардан сақланиш бўйича муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Мутахассислар томонидан киберхавфсизликнинг энг долзарб йўналишлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Хусусан, кучли пароль яратиш, икки босқичли ҳимоя тизимидан фойдаланиш, шубҳали ҳаволаларни аниқлаш ва фишинг ҳужумларидан ҳимояланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Айниқса, электрон тижорат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун мижозлар маълумотларини муҳофаза қилиш ва онлайн тўловларда хавфсизлик чораларини кучайтириш масалалари атрофлича тушунтирилди. Реал мисоллар асосида киберҳужумлар қандай амалга оширилиши ва уларнинг олдини олиш усуллари кўрсатиб берилди.
Тадбирда иштирокчилар нафақат назарий билим, балки кундалик фаолиятда қўллаш мумкин бўлган амалий кўникмаларга ҳам эга бўлдилар. Ёш тадбиркорларнинг рақамли бизнес хавфсизлигига бўлган қизиқиши айниқса юқори бўлди.
Таъкидланганидек, бугун киберхавфсизлик фақат IT мутахассисларининг эмас, ҳар бир тадбиркорнинг кундалик эҳтиёжига айланмоқда. Чунки бизнеснинг барқарорлиги ва мижозлар ишончи кўп жиҳатдан ахборот хавфсизлигига боғлиқ.
Тадбир якунида иштирокчилар бундай амалий семинар ва очиқ мулоқотларни мунтазам ташкил этиш давр талаби эканини қайд этдилар. Зеро, рақамли иқтисодиёт шароитида киберхавфсизлик — бизнесни ҳимоя қилишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА