“Келажак муҳандислари” танлови ғолиблари тақдирланди
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни муҳандислик ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, замонавий иқтисодиётнинг инновацион ўсишини таъминлайдиган илғор технологияларни ярата оладиган янги авлод муҳандисларини тайёрлаш, шунингдек энг салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2024/2025 ўқув йилида муҳандислик йўналишлари бўйича “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” Республика кўрик танлови ўтказилиши йўлга қўйилган.
Танловда юртимиздаги фаолият олиб бораётган олий таълим, илмий тадқиқот муассасалари, саноат ташкилотларининг 40 ёшдан ошмаган профессор-ўқитувчилари, талабалари ҳамда амалиётчи муҳандислари иштирок этиши мумкин.
Тошкент шаҳридаги “INNO Technopark”да “Келажак муҳандислари” Республика кўрик-танловининг мазкур йўналишлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов сўзга чиқиб, мамлакатимизда муҳандислик таълимини ривожлантириш, иқтидорли ёшларнинг инновацион ғоя ва ишланмаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, вазир муҳандислик соҳасида билим ва кўникмага эга, амалий муаммоларга замонавий ечимлар таклиф эта оладиган ёшларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.

“Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” танловларининг 9 нафар биринчи ўрин соҳибига BYD Chazor автомобиллари топширилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган иштирокчилар пул мукофотлари билан тақдирланди. Маросим доирасида “Энг яхши аёл муҳандис” номинацияси ғолибига ҳам мукофотлар топширилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА