“CAC Regulatory Authorities Meeting”: АҚШ Фармакопеяси, Туркия ва Қозоғистон билан алоқаларимиз мустаҳкамланди
Тошкент шаҳридаги Bio Pharm City мажмуасида минтақа давлатларининг дори воситалари соҳасидаги регулятор органлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида “CAC Regulatory Authorities Meeting” учрашуви бўлиб ўтди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан АҚШ Фармакопеяси (USP) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Покистон, Миср ва Иордания давлатларининг регулятор органлари вакиллари, шунингдек, USP экспертлари иштирок этди.

Тадбир доирасида Марказ ва USP ўртасида Марказнинг USPнинг «Регуляторлар учун имтиёзли кириш» (Preferential Access for Regulators, PAR) дастурига қўшилиши тўғрисидаги Келишув хати имзоланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Марказ ҳамда унинг лаборатория тармоғи — марказий лаборатория ва ҳудудий филиаллари дори воситалари сифатини лаборатория назоратидан ўтказишда фойдаланиладиган зарур USP стандарт намуналаридан имтиёзли асосда фойдаланиш муддати узайтирилади. Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассисларига АҚШ Фармакопеяси — Миллий формуляр (USP–NF) ҳамда USPнинг бошқа меъёрий нашрларига онлайн кириш имконияти янада кенгаяди.
Шунингдек, USP CAC Regulatory Authorities Meeting тадбири доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров Туркия Дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлиги (TİTCK) Президенти Ҳусейин Челик билан учрашди.

Учрашув давомида томонлар амалдаги ҳамкорлик Меморандумини амалий жиҳатдан ривожлантириш, 2026-2027 йилларга мўлжалланган устувор йўналишларни белгилаш ҳамда дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш, лаборатория назорати ва фармаконазорат соҳаларида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.
Мутахассислар иштирокида эксперт ташрифлари ва техник учрашувларни ташкил этиш, тартибга солиш амалиётига оид маълумотлар ҳамда ўқув материаллари алмашинувини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди. Учрашув якунида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қамраб олувчи аниқ Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишга қаратилган техник ишларни бошлаш бўйича келишувга эришилди.

Алишер Темиров Қозоғистон Республикаси Дори воситалари ва тиббий буюмлар миллий маркази (NDDA) директорининг стратегик ривожланиш бўйича ўринбосари Габит Сейдуллаев билан ҳам учрашди.
Мулоқотда икки мамлакат фармацевтика соҳасидаги регуляторлар ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Қўшма ҳаракатлар режаси орқали амалга оширилиши мумкин бўлган аниқ йўналишларни кўриб чиқиб, фармацевтика маҳсулотларини тартибга солиш соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг устувор вазифаларини белгилаб олди.
М.Қосимова, ЎзА