Тошкент давлат юридик университетининг 35 йиллиги нишонланди
Пойтахтимизда Тошкент давлат юридик университети ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган “Ҳуқуқий давлат сари 35 йил. Юридик таълим, илм-фан ва инновациялар янги тараққиёт босқичида” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари, мамлакатимиз ва хориждаги олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчи мутахассислар, халқаро экспертлар, университет профессор-ўқитувчилари, битирувчилар ва талабалар иштирок этди.
Конференция ялпи мажлисида Тошкент давлат юридик университети ректори Бахшилло Хўжаев, адлия вазири Акбар Тошқулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов, Буюк Британиянинг Гринвич университети канцлери Лорд Пол Боатенг, Рома Тре университети ректори Массимилиано Фиоруччи, Нагоя университети ректори Наоши Сугияма ҳамда Регенсбург университети ректори Удо Ҳебел сўзга чиқди.
Табрик сўзларида университетнинг 35 йиллик тараққиёт йўли, мамлакатда юридик таълим ва ҳуқуқшунослик илм-фанини ривожлантиришдаги ўрни, ҳуқуқий ислоҳотларни малакали кадрлар ва илмий салоҳият билан таъминлашдаги ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Замонавий юридик таълимни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни амалиёт билан уйғунлаштириш ва академик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Дастур доирасида юридик таълим ва фан ривожига муносиб ҳисса қўшган хорижий ва маҳаллий мутахассисларга университетнинг фахрий профессори мақомини бериш маросими ҳамда ТДЮУнинг тарихий тараққиётига бағишланган ҳужжатли фильм намойиши ўтказилди.
[gallery-31685]
Ялпи мажлисда таъкидланганидек, бугунги кунда ТДЮУда Президентимизнинг 2025 йил 26 ноябрдаги фармони асосида юридик таълим ва илм-фанни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, факультетлар фаолиятида академик департамент, тадқиқот маркази ҳамда амалиёт ва карьера марказидан иборат янги бошқарув модели шакллантирилди. Профессорлар кенгаши, Академик ҳалоллик ва Тадқиқот қўмиталари ташкил этилди. 2026 - 2030 йилларда юридик илм-фанни ривожлантиришга қаратилган 14 тематик блок бўйича 31 устувор йўналиш ва 182 субйўналиш тасдиқланди.
Конференцияда юридик кадрлар тайёрлашнинг замонавий модели ва таълимда назария ҳамда амалиёт интеграциясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда 2 - 4 босқич талабалари учун 120 та давлат ва хусусий ташкилотда доимий амалиёт тизими йўлга қўйилган. Олти ташкилотда университетнинг амалий шохобчалари фаолият юритмоқда, 400 нафар талабага 70 нафар амалиётчи-ментор бириктирилган. Шунингдек, 20 дан ортиқ “Карьера куни” ва 4 та меҳнат ярмаркаси ташкил этилган. Битирувчиларнинг қарийб 96 фоизи иш билан таъминланган, 2025/2026 ўқув йили битирувчиларининг 72 фоизи эса университетни тамомламасдан туриб дуал таълим орқали банд қилинган.
Конференциянинг алоҳида сессиясида университетнинг 35 йиллик тарихи, эришилган натижалари ва “ТДЮУ- 2030” тараққиёт стратегияси муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда университетнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Тадқиқот марказлари томонидан 60 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати лойиҳаси илмий экспертизадан ўтказилди, Scopus базасига кирувчи халқаро илмий журналларда 71 мақола нашр этилди. 2026 йил август ҳолатига кўра, 38 илмий ҳимоя, жумладан, 6 DSc ва 32 PhD ҳимояси ўтказилди.
“Юридик таълим ва ҳуқуқий давлат: миллий тажриба ва глобал трендлар” йўналишидаги муҳокамаларда ҳуқуқий сиёсат, замонавий юридик кадрлар тайёрлаш, конституциявий ислоҳотлар, қонун устуворлиги ва замонавий юристларга қўйилаётган талаблар муҳокама қилинди. Университетда “Рақамли ҳуқуқ” (Digital Law), “Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик” каби янги таълим йўналишлари, магистратурада “Корпоратив ҳуқуқ ва бошқарув” ҳамда бир йиллик Master of Legal Administration (MLA) дастури жорий қилингани маълум қилинди.
Халқаро илмий ҳамкорлик доирасида хорижий тадқиқотчилар ва “Central Asian Legal Research Fellowship” дастури иштирокчилари ўз илмий қарашлари билан ўртоқлашди. Замонавий ҳуқуқшунослик, иқтисодиётни ҳуқуқий тартибга солиш, технологик тараққиётнинг ҳуқуқий оқибатлари ва юридик тадқиқот методологиясига оид масалалар муҳокама қилинди.
Университетнинг халқаро академик алоқалари ҳам изчил кенгаймоқда. 28 хорижий ҳамкор университетда академик мобиллик дастурлари эълон қилиниб, 500 га яқин ариза келиб тушган ва 200 нафарга яқин талаба саралаб олинган.
Халқаро конференцияда ёшларнинг фикр ва ташаббусларига ҳам алоҳида ўрин берилди. “Келажак юристлари минбари” доирасида талабаларнинг илмий маърузалари тингланиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари таҳлил қилинди. ТДЮУ жамоалари “Jessup - 2026” халқаро танловида 11-ўринни, “Inter-American Human Rights Moot Court Competition”да “The Best Team” ва “Mario López Garelli” мукофотларини, “K.K. Luthra” танловида TOP - 10 натижани ҳамда “MaxUp Legathon”да ғолибликни қўлга киритган. 61 нафар талаба турли стипендия ва грантларга сазовор бўлган.
Юридик таълимда рақамлаштириш ва сунъий интеллект ҳам конференциянинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Унда рақамли ҳуқуқ, сунъий интеллектдан таълимда фойдаланиш имкониятлари ва хавфлари, академик ҳалоллик, LegalTech, суд ва нотариат тизимларини рақамлаштириш ҳамда смарт-контрактлар масалалари муҳокама қилинди. Бу йўналишда университетда “TSUL Professional Services”, “Ҳуқуқий технологиялар ва сунъий интеллект лабораторияси” ташкил этилган. Турли манбалар ҳисобидан 14,6 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари жалб қилинган. Ўқув жараёнига “VR Court Room” виртуал суд модули, “Proctorio” прокторинг тизими, “Turnitin” антиплагиат тизими ва “AI баҳолаш” модули жорий этилган.
Университетнинг таълим ва илмий фаолиятидаги ўзгаришлар халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. ТДЮУ “QS Stars” баҳолаш тизимида “Teaching” ва “Employability” йўналишлари бўйича 5 юлдузга эга бўлди. Шунингдек, университет “Times Higher Education Sustainability Impact Rankings 2026”да 401-ўрин, “UI GreenMetric World University Rankings”да 181-ўрин, “WURI”да 123-ўрин ва “RUR University Ranking (Teaching)”да 388-ўринни қайд этган.
Мазкур халқаро конференция университетнинг ўтган даврдаги тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш билан бир қаторда, юридик таълим, илм-фан, қонунчиликни илмий таъминлаш, халқаро ҳамкорлик, амалиёт, рақамли трансформация ва ҳуқуқий инновациялар соҳасидаги янги вазифаларни муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА