Расмий муносабат: Ботаника боғининг илмий коллекцияси ва дарахтларига зарар етказилмайди
Фанлар академияси ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент ботаника боғида дарахтларни кесиш ва қазиш ишлари олиб борилаётгани тўғрисидаги хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
“Ҳозирда Тошкент Ботаника боғининг буфер зонасида 50 сотих майдонда сув ҳавзаси ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳудуд Ботаника боғининг коллекция майдонларига кирмайдиган, асосан табиий равишда ўсиб чиққан ўсимликлар, жумладан, маймунжон, қамиш ва бошқа ёввойи ўсимликлар мавжуд бўлган ҳудуд ҳисобланади.
Сув ҳавзаси ташкил этилаётган майдонда Ботаника боғининг илмий коллекциясига мансуб дарахт ва буталар мавжуд эмас.
Мазкур ишлар экология мутахассислари ҳамкорлигида олиб борилмоқда. Ҳудудда ишларнинг экологик талабларга мувофиқ ташкил этилиши ва мавжуд яшил ҳудудларга зарар етказилмаслиги назорат қилинмоқда.
Сув ҳавзасини ташкил этишдан асосий мақсад Тошкент ботаника боғида сув ўтлари, сув бўйида ўсувчи дарахт ва буталарнинг экотизимини яратиш, тадқиқ қилиш ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқишдир.
Илмий мақсадлардан ташқари ушбу сув ҳавзаси микроиқлим барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан фақат ишончли ва расмий манбаларга таянган ҳолда хулоса чиқаришларини, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз”, дейилади расмий муносабатда.
ЎзА