Келажак авлод камолоти йўлидаги муҳим қадам
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чуст тумани Дўстлик маҳалласи марказида замонавий талабларга жавоб берадиган янги мактабгача таълим ташкилоти — “Давр болажон” хусусий боғчаси фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа ёш тадбиркор Саида Мирсаидованинг ташаббуси билан амалга оширилди. Боғчани барпо этиш учун тадбиркорнинг ўз маблағидан 1 миллиард 200 миллион сўм ҳамда “Ёшлар етакчиси” тавсияси асосида “Алоқабанк”дан 3 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи йўналтирилди.
Боғчанинг барпо этилиши маҳаллада болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш имкониятларини кенгайтириш, ота-оналарнинг сифатли таълим ва қулай шароитларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-31080]
Замонавий лойиҳа асосида қурилган мажмуада болалар учун кенг ва ёруғ гуруҳ хоналари, ўйин майдончалари, мусиқа ва спорт заллари, тиббиёт хонаси, ошхона ҳамда дам олиш жойлари ташкил этилган. Бино зарур хавфсизлик талабларига мос равишда видеокузатув ва ёнғиндан ҳимоя тизимлари билан жиҳозланган.
Таълим-тарбия жараёни давлат мактабгача таълим дастури асосида ташкил этилади. Шунингдек, болаларнинг хорижий тилларни ўрганиши, ижодий қобилиятларини ривожлантириши, мусиқа, тасвирий санъат, спорт ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришига қаратилган қўшимча машғулот ва тўгараклар йўлга қўйилган.
Таълим жараёнида ҳар бир болага индивидуал ёндашувга алоҳида эътибор қаратилади. Боғчада фаолият юритаётган педагоглар замонавий таълим методларини мунтазам ўзлаштириб, малакасини ошириб бормоқда.
Янги таълим маскани ишга туширилиши натижасида 13 та янги иш ўрни яратилди. Уларнинг 7 таси ёшлар ҳиссасига тўғри келади. Йил якунига қадар иш ўринлари сонини 30 тага етказиш режалаштирилган.
— Боғчамизда болалар учун барча зарур шароитларни яратиш, уларга сифатли таълим ва тарбия беришни асосий мақсад қилганмиз. Энг муҳими, фарзандларимиз ўз қобилияти ва қизиқишларини эркин намоён этадиган, хавфсиз ва қулай муҳитда улғайишига эришишдир, - дейди ёш тадбиркор Саида Мирсаидова.
Янги мактабгача таълим ташкилоти нафақат болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш, балки янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллада тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА