Ёшлар ишлари агентлиги қошида “Назорат гуруҳи” фаолияти йўлга қўйилди
Ёшлар ишлари агентлиги тизимида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, аҳолининг ариза ва шикоятларига сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни манзилли ҳал этиш чора-тадбирларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳусниддин Исаков томонидан мурожаатлар билан ишлаш интизомини кучайтириш, ҳар бир масалага масъулият билан ёндашиш ҳамда ёшлар ва аҳоли муаммоларини ўз вақтида ижобий ҳал этиш борасида белгиланган устувор вазифалар юзасидан маълумот берилди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари бошчилигида 2026 йил 13 март куни халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини ҳамда Президентимизнинг жорий йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги тизимида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, аҳолининг ариза ва шикоятларига сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни манзилли ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Хусусан, жорий йилнинг май ойидан бошлаб Ишчи гуруҳ томонидан Ёшлар ишлари агентлиги тизимида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган талабларга риоя этиш ҳолати ўрганилмоқда. Ёшлар мурожаатларини жойида ҳал этиш учун 8 минг 992 та маҳаллада фаолият юритаётган ёшлар етакчилари орқали ҳар бир маҳалла–хонадон кесимида ёшларнинг муаммо ва қизиқишларини аниқлашга қаратилган тизим яратилди.
Жумладан, “Рақамли маҳалла” тизимида маҳалладаги ёшлар етакчилари маҳалла “еттилиги”нинг энг фаол аъзоларидан бири сифатида ёшлар бандлиги, ижтимоий ҳимояси ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш чораларини тўлиқ рақамли шаклда амалга оширадилар ҳамда маҳалладаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча ёшларнинг ижтимоий аҳволи ва қизиқишлари тизимга киритилади, кўмакка муҳтож ёшларга бериладиган ижтимоий-иқтисодий ва молиявий ёрдамлар онлайн платформа орқали шаффоф шаклда расмийлаштириб борилади.
Мурожаат қилиш жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш ҳамда уларнинг мурожаатларини эркин қабул қилиш мақсадида Агентликнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича 20 га яқин масъул ходимлари вазирлик ва идоралар ходимлари учун имо-ишора мулоқоти ва сурдотаржимонлик кўникмасини шакллантириш бўйича курсларда ўқитилди. Ҳудудлардаги барча мурожаатлар билан ишловчи мутахассислар Юристлар малакасини ошириш марказида “Давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш” курсларида ўқитилди.
Шунингдек, ёшлардан келаётган мурожаатларга сунъий интеллект орқали жавоб берадиган, 24/7 тартибда фаолият юритувчи 1093 рақамли “Call-марказ” доимий фаолият юритиб келмоқда. Тизим мурожаатларни мустақил қабул қилади, мазмунини таҳлил қилади, тегишли жавобларни шакллантириб тезкор жавоб беради ҳамда аналитик ҳисоботлар яратади. Бу эса мурожаатлар билан ишлаш тезлиги, сифати ва шаффофлигини янги босқичга олиб чиқади.
Жумладан, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 29 273 та, кунлик ўртача 136 та қўнғироқ қабул қилинган. Операторлар томонидан 2 041 та қўнғироққа қайта алоқа орқали боғланилган. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар билан алоҳида ишлаш, уларнинг ҳар томонлама, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 июль санасидан Ёшлар ишлари агентлиги қошида янги институционал тизим — “Назорат гуруҳи” фаолияти йўлга қўйилди.
Агентлик директори ва ўринбосарлари томонидан шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 48 нафар фуқаронинг шахсий қабули ташкил қилиниб, таклиф ва муаммоларининг ижроси таъминланди. Шунингдек, Агентлик директори ва ўринбосарлари томонидан аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш ҳамда ёшларнинг таклиф ва муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш мақсадида республиканинг энг олис ва чекка ҳудудларида жами 20 та сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабулларда иштирок этган 1 200 дан ортиқ ёшдан жами 301 та мурожаат келиб тушди. Жойларда ҳудудий раҳбарлар томонидан жами 102 та туман (шаҳар)да сайёр қабуллар ташкил этилиб, унда 10 мингдан ошиқ ёш қамраб олинди.
2026 йилнинг ўтган даври мобайнида 11 785 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 3 671 таси талабаларнинг тўлов-контракт харажатлари,1 659 таси “Ёшлар дафтари”га киритиш, 1 244 таси “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш, 838 таси “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга ёрдам кўрсатиш, 733 таси тадбиркорлик фаолияти учун дастурлар асосида имтиёзли кредитлар, 643 таси “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ўқув курс тўловларига моддий ёрдам, 641 таси ёшлар фаолиятига оид таклиф, лойиҳа, танлов, мусобақа, таълим грантлари ва стипендиялари, 622 таси компьютер ва асбоб-ускуна олиш учун субсидия, 303 таси ҳайдовчиликка ўқиш ва гувоҳнома олиш тўловлари, 272 таси ҳарбий хизмат тўловларига моддий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ мурожаатларни ташкил қилади.
Соҳага оид масалалар жойларда ўз ечимини топмагани туфайли Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси орқали Қашқадарё вилоятидан 1 548 та, Тошкент шаҳридан 1 074 та, Андижон вилоятидан 1 069 та, Сурхондарё вилоятидан 936 та мурожаат Ёшлар ишлари агентлигига келиб тушган. Умуман олганда, Агентлик тизимига ёшлар томонидан бир қатор манбалардан турли мавзуларда кунлик мурожаатлар йўлланиб, ушбу мурожаатларнинг ечими бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА