Наманган вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз истиқлоли шодиёнаси арафасида вилоят ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами муносабати билан Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманлари марказларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Хусусан, Наманган шаҳрининг Усмон Носир кўчасида бўлаётган байрам ярмаркасида вилоятнинг 11 тумани ҳамда "Чорсу", "Сардоба" бозорларидан келтирилган маҳсулотларни қулай нархларда харид қилиш мумкин.

Ярмаркада 50 турдан ортиқ кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ва полиз экинлари аҳолига мақбул нархларда етказиб берилмоқда.
Савдо расталари ҳар куни янги ва сифатли қишлоқ хўжалиги, нон маҳсулотлари, гўшт, гуруч, умуман олганда, байрам арафасида дастурхон учун энг керакли ноз-неъматлар билан тўлдириб борилмоқда.
***
Мустақиллик байрами арафасида Чуст туманининг Наврўз маҳалласи ҳудудидаги Спорт мактабида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий мини стадион фойдаланишга топширилди.

Ушбу лойиҳага ташаббус кўрсатган тадбиркор Умиджон Исматуллаев томонидан 1 миллиард 200 миллион сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.
Мини стадионнинг очилиш маросимида қатнашган Чуст тумани ҳокими Бахтиёр Салимжонов янги спорт маскани ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
***
Истиқлол шодиёнаси арафасида вилоятдаги темир йўллар атрофидаги ҳудудлар обод ва кўркам қиёфага кирди. Биргина Наманган шаҳрининг Равнақ маҳалласи ҳудудидан ўтган темир йўлнинг 3 километр қисмида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, темир йўл кўчада маънан ва моддий эскирган деворлар ўрнига замонавий профиль устунлар ўрнатилди.

Бундай хайрли ишларда аҳоли ҳам четда қолмай, улар ўз уйлари атрофини ободонлаштиришга енг шимаришган.
***
Янгиқўрғон туманидаги Машъал маҳалласи ёшлари “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг волейбол тури бўйича ўтказилган республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, олтин медаль соҳибига айланди.

Қизғин руҳда ўтган беллашувларда улар юксак маҳорат, мустаҳкам ирода, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ғалабага бўлган қатъиятини намоён этди.
Ҳар бир учрашувда ўз имкониятини тўлиқ ишга солган умидли волейболчиларимиз барча рақибларини ортда қолдириб, чемпионлик шарафли номига сазовор бўлди.
***
Давлатобод туманидаги “Ёшлар” кичик саноат зонасида фаолият юритувчи “Nam Bio Test” МЧЖ 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда қон таҳлиллари бўйича инновацион ечим топилиб, импорт тўлиқ маҳаллийлаштирилган.

20 миллиард сўмлик экспресс тестлар етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Эътиборлиси, уйда ўтирган, “Аёллар дафтари”даги 30 нафар хотин-қиз иш ўрнига эга бўлди. Корхонага 2023 йилда халқаро “ISO” 9001 ва “ISO” 13485 стандарт сертификатлари тақдим қилинган.
Бундай экспресс тестлар ҳозирга қадар юртимизга импорт қилиб келинган. Эндиликда бу тиббиёт маҳсулотлари Марказий Осиёда ягона бўлган Намангандаги корхонада ишлаб чиқарилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.