“Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида 50 фоизлик чегирма жорий этилади
Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 2026 йилнинг 1 ноябридан 30 ноябригача “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида маданий мерос объектлари, давлат музейлари ҳамда музей-қўриқхоналарга ташриф буюрувчи кекса ёшдаги фуқаролар учун кириш чипталарига 50 фоизлик чегирма жорий этилади.
Мазкур ташаббус кекса ёшдаги фуқароларнинг тарихий обидалар ва музейларга ташриф буюриш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришини рағбатлантириш ҳамда мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишишларига кўмаклашишга қаратилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 1-сон мажлис баёнининг 7-бандида “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида маданий мерос объектлари ва давлат музейларига ташриф буюрувчилар учун чегирмалар эълон қилиш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА