“Туризм овули” ташкил этилмоқда
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланишдир. Бу борада туризмни ривожлантириш, айниқса, олис қишлоқларда янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Навоий вилоятининг Конимех туманидаги Янгиқазғон маҳалласида бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳудудда 21 та оилавий меҳмон уйи, 7 та ўтовли оромгоҳ ва 5 турдаги қўшимча туристик хизматлар ташкил этилган. Бу сайёҳларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, маҳаллий тадбиркорлик ривожи учун ҳам замин яратмоқда.

- Ушбу ташаббуслар натижасида 100 нафарга яқин ишсиз қишлоқ аҳолиси, жумладан, хотин-қизлар доимий иш ўринларига эга бўлди, - дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. - Шу тариқа, туризм нафақат ҳудуднинг жозибадорлигини оширувчи соҳа, балки аҳоли фаровонлигини юксалтириш, оилавий даромадларни кўпайтириш ва бандликни таъминлашнинг самарали воситасига айланмоқда. Айни пайтда Янгиқазғон маҳалласига “Туризм овули” мақомини бериш ташаббуси илгари сурилмоқда. Ушбу мақсад ҳудуднинг туристик салоҳиятини кенг намоён этиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, инфратузилма ва хизматлар сифатини яхшилаш, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш билан чамбарчас боғлиқ.

Янгиқазғоннинг туристик салоҳиятини оширишда миллий қадриятлар ва маҳаллий муҳит муҳим ўрин тутади. Ўтовли оромгоҳлар, оилавий меҳмон уйлари ҳамда анъаналарга асосланган хизматлар сайёҳларга ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини намоён этиш имконини беради.
А.Бўриев, ЎзА мухбири