Гастрономик туризм имкониятлари намойиш этилди
Андижон шаҳридаги ЭКО паркда «Gastro food» гастрономик туризм фестивали бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида туризмни ривожлантириш, янги туристик масканлар барпо этиш, туризм зоналари ҳамда туристик йўналишларни ташкил этиш орқали ҳудудга келаётган хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар сонини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Андижон шаҳар ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида ҳудуднинг туризм салоҳиятини кенгайтириш ва ўзига хос пазандалик анъаналарини оммалаштириш мақсадида Андижон шаҳрида ташкил этилган «Gastro food» гастрономик фестивали ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.


Соҳа экспертлари, кенг жамоатчилик ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этган фестиваль давомида халқимизнинг ошпазлик соҳасидаги кўп асрлик «Устоз-шогирд» анъаналари намойиш этилди. Тадбирда Андижон вилоятида фаолият юритаётган тажрибали ва маҳоратли уста ошпазлар билан бир қаторда, профессионал таълим муассасалари - техникумларнинг туризм ҳамда ошпазлик йўналишларида таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчи-ёшлари ҳам иштирок этди.
Фестиваль доирасида тажрибали пазандалар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди. Унда уста ошпазлар ёшларга ўзбек миллий паловини тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари, масаллиқларни танлаш ва дамлаш технологиялари ҳақида батафсил маълумот бериб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Бу каби амалий машғулотлар техникум ўқувчилари учун назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлаш ҳамда келгусида туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида малакали мутахассис бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.
Байрамона руҳда ўтган фестиваль якунида миллий ошхона анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган пазандалар, фахрий ошпазлар ҳамда ўзларининг пазандалик иқтидорларини намойиш этган бир гуруҳ техникум ўқувчилари ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.



Гастрономик туризм сайёҳларнинг маълум бир ҳудуд ёки мамлакатга саёҳат қилиши асносида ўша давлатнинг миллий таомлари, овқатланиш маданияти билан яқиндан танишиш, шунингдек, миллий ошхонанинг тарихи, анъаналари, асрлар давомида шаклланган ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири