Картошкачиликда ер алдовни кўтармайди, илмга таянган деҳқон эса панд емайди
Қарор ва ижро
Уй бекалари бозорга борса, биринчи навбатда картошканинг нархини суриштиради. Сабаби бу маҳсулот гўшт қовурганда, шўрва қайнатганда, болажонлар севган картошка фри тайёрлаётганда ҳам керак бўлади.
Кундалик турмушимизда муҳим саналган бу маҳсулот бежиз “иккинчи нон” деб аталмайди. Шу боис, сўнгги йилларда картошка етиштиришни кўпайтириш, сифатли уруғчиликни йўлга қўйиш энг долзарб вазифага айланди.
Тан олиш керак, яқин-яқингача юртимизда экиладиган картошка уруғларининг катта қисми четдан келтириларди. Бу эса деҳқон ҳар сафар хориждан қиммат валютага уруғ сотиб олишга мажбур бўлганини англатади. Доллар курси ёки логистикадаги муаммолар тўғридан-тўғри уруғ нархига, демакки, бозордаги картошка баҳосига ҳам таъсир қиларди.
Қолаверса, импорт уруғ ҳамма вақт ҳам қуёшли, баъзида кескин ўзгарувчан иқлимимизга мос келавермаган. Энг ёмони, бир неча йил такрор экилгандан сўнг уруғ қарийди. Аввалги ҳосилдорликни бермай қўяди ва турли вирусларга чалинади. Оқибатда деҳқоннинг ҳам меҳнати, ҳам харажати куйиб кетарди.

Шунинг учун маҳаллий, иқлимга чидамли ва юқори ҳосил берадиган элита уруғчиликни йўлга қўйиш устувор вазифа саналади. Картошка етиштириш бўйича Голландия тажрибаси бутун дунёда эталон ҳисобланади. Бу давлат илм-фанни деҳқончилик билан уйғунлаштиргани эвазига дунёни сифатли уруғлик билан таъминлайди. Уларда лаборатория шароитида вируслардан холи бўлган мини-туганаклар етиштирилиб, кейин фермерларга тарқатилади.
Биз ҳам мана шу каби халқаро тажрибадан ўтган йўлдан боришимиз керак. Қувонарлиси, бу борада аллақачон амалий қадамлар ташланган.
Президентнинг 2025 йил 8 сентябрдаги “Картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан шу соҳада янги босқични бошлаб берди.
Жумладан, тоғли ва салқин ҳудудларимизда маҳаллий шароитга мослашган уруғчилик кластерлари ташкил этилмоқда. Чет элдан битта уруғ келтириб экиш ўрнига, ўзимизда олимлар билан ҳамкорликда лабораториядан бозоргача бўлган занжир яратилса натижа юқори бўлади. Бунда деҳқон ҳам, бозор ҳам эркин нафас олади. Ана шундай илмга асосланган ислоҳотлар бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кўзга ташланмоқда. Мавзуни Жиззах вилояти мисолида давом эттирамиз.
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида умумий ҳосил ҳажмини 4,5 миллион тоннага етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда Жиззах вилояти аҳолисини кафолатли таъминлаш учун жорий йилда жами 8 минг гектарда картошка етиштириш режалаштирилган. Мисол учун, Бахмал туманида аҳоли томорқаларидан ташқари қарийб 3 минг гектар ерда экилган картошка айни кунларда ҳосил тўплаш палласида турибди.

Деҳқончилик машаққатли касб. Айниқса, картошка етиштириш катта харажат, сув ва тинимсиз меҳнатни талаб қилади. Деҳқонни қўллаб-қувватлаш фақат уруғ бериш ёки кредит ажратиш дегани эмас. Унга қулай инфратузилма яратиб бериш лозим.
Бахмал туманида ҳосилдорликни кўпайтириш мақсадида 700 гектар қўшимча картошка майдонини суғориш учун учта насос станцияси қурилаётгани бунга яққол мисолдир.
Шунингдек, маҳсулотни сақлаш инфратузилмаси ҳам ғоят зарур. Ҳосил кўп бўлганида нарх тушиб кетади. Баҳорга бориб эса картошка тақчиллашиб, нарх осмонга чиқади. Бунинг олдини олиш учун замонавий, ҳарорат ва намликни бир меъёрда ушлаб турадиган омборхоналар керак. Деҳқон кузда ҳосилни арзонга сотиб юбормай, омборга қўйиб, баҳорда ўз баҳосига сотса, даромади кўпаяди. Бундан ташқари, агротехник хизматлар ҳам муҳим роль ўйнайди. Деҳқон фақат ўз тажрибасига эмас, агрономларнинг аниқ тавсияларига ҳам таяниши лозим.
– Олдинги йилларда экилган уруғлар гектаридан 20-25 тонна атрофида ҳосил берган, – дейди Бахмал тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси Норбўта Хушбоқов. – Бу йил келтирилган янги уруғлар ҳисобига гектаридан 35-40 тонна атрофида картошка олиш режалаштирилган. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, эски уруғлардан воз кечиб, маҳаллийлаштирилган навларга ўтиш ҳосилдорликни қарийб 10-15 тоннага оширмоқда. Бу деҳқон ҳар бир гектардан аввалгига нисбатан бир баробар кўп даромад олади деганидир.
Тумандаги илғор фермер Рустамбек Абдураззоқов тажрибасига эътибор қаратамиз. Хўжаликда картошка бир йилда икки марта етиштирилади. Июннинг охирида ҳосил ковланиб, жойига яна июлнинг йигирмасигача экиб бўлинади. Қолаверса, фермер хўжалиги таркибида картошка уруғлик етиштиришга мослаштириб ерлар ажратиб қўйилди. Келаси йилдан бошлаб қиммат нархда уруғ сотиб олишга ҳожат қолмайди. Тугунакдан уруғни ўзлари етиштиришга ҳаракат қилиняпти. Бу ҳам бўлса, маҳаллий фермерларнинг мустақил ва ишбилармон бўлиб бораётганини кўрсатади.
Туманда жорий йилда биринчи ҳосилдан ташқари ғалла ва эртаги экинлардан бўшаган майдонларнинг 2,5 минг гектарига картошка экилиши белгиланган. Иккала мавсумда ҳаммаси бўлиб 220 минг тоннадан зиёд картошка етиштирилиши кутилмоқда.
Мамлакатимиз иқлими кўпгина давлатларга нисбатан катта устунликка эга. Эрта баҳорда ва ёз охирида картошка экиш мумкин. Бу имкониятдан тўғри фойдаланилса, қўшни давлатлар бозорини ҳам сифатли маҳсулот билан таъминлаш мумкин. Кузги картошкани сақлаш бироз мураккаброқ бўлса-да, айнан шу ҳосил қиш ва баҳор бошланишида аҳолини арзон озиқ-овқат билан таъминлайди. Шу боис, уруғчиликни ривожлантириш орқали ҳар иккала мавсум учун ҳам сифатли уруғ базасини шакллантириш стратегик аҳамиятга эга.
Картошкачиликни янги босқичга олиб чиқиш халқнинг, ҳар бир оиланинг бюджетига бевосита таъсир қилувчи омилдир. Деҳқоннинг меҳнати қадр топгани сари иқтисодиётимиз янада мустаҳкамланиб бораверади. Зеро, борини асраб-авайлайдиган ва илм билан йўғрилган деҳқончилик ҳар доим барака келтиради.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси\