Тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлаш 27 фоизга кўпайди
Жорий йилнинг январь–июль ойларида тадбиркорлик субъектларига 90,3 трлн сўм кредит ажратилди
Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайиб бормоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил январь–июль ойларида ушбу тоифадаги бизнес субъектларига 90,3 трлн сўм кредит ажратилган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос давридаги 75,9 трлн сўмга нисбатан 14,4 трлн сўмга ёки 19 фоизга кўп. Демак, жорий йилнинг дастлабки етти ойида кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш суръати сезиларли даражада ошган.
Алоҳида эътиборли жиҳат — кредитлашда тадбиркорлик дастурларининг улуши ҳам ортиб бораётганидир. Ҳисобот даврида 22,5 трлн сўм кредит айнан тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 17,6 трлн сўмни ташкил этган эди. Шундай қилиб, дастурлар доирасидаги кредитлар бир йилда 27,3 фоизга ошган. Бу умумий микро, кичик ва ўрта бизнес кредитларининг ўсиш суръатидан ҳам юқори.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2026 йил январь–июль ойларида тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган 22,5 трлн сўм кредит микро, кичик ва ўрта бизнесга берилган жами кредитларнинг 24,9 фоизини ташкил этган. 2025 йилнинг мос даврида ушбу улуш 23,3 фоиз атрофида бўлган. Яъни бир йил ичида дастурли кредитларнинг умумий молиялаштиришдаги салмоғи ҳам ошган. Бу ҳолат давлат дастурлари орқали тадбиркорликни молиявий рағбатлантириш механизмлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Марказий банкнинг ҳудудлар кесимидаги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь–июль ойларида микро, кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредитлар ҳажми бўйича Тошкент шаҳри биринчи ўринда турибди — 23,2 трлн сўм. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти — 8,1 трлн сўм, Тошкент вилояти — 8,0 трлн сўм, Самарқанд вилояти — 7,2 трлн сўм, Қашқадарё вилояти — 6,4 трлн сўм, Андижон вилояти — 5,3 трлн сўм, Бухоро вилояти — 5,2 трлн сўм, Хоразм вилояти — 5,2 трлн сўмни ташкил этган.
Айни пайтда кредитлаш ўсиш суръати бўйича айрим ҳудудларда анча юқори натижалар қайд этилган. Хусусан, Навоий вилоятида микро, кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредитлар бир йилда 52 фоизга, Бухорода 33,7 фоизга, Наманганда 31,6 фоизга ошган. Самарқанд вилоятида кредитлаш ҳажми 28,3 фоизга, Қашқадарёда 28,5 фоизга, Тошкент вилоятида эса 27,2 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, барча ҳудудларда ўсиш кузатилмаган. Масалан, Жиззах вилоятида кредитлаш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 фоизга, Сирдарё вилоятида 3,4 фоизга камайган.
Кредитлаш ҳажми банклар кесимида таҳлил қилинганда ҳам турли динамика кўзга ташланади. 2026 йил январь–июль ойларида Агробанк орқали микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларига 15,1 трлн сўм, Халқ банки орқали 6,3 трлн сўм, Микрокредитбанк орқали 5,3 трлн сўм, Бизнесни ривожлантириш банки орқали 4,5 трлн сўм ва Алоқабанк орқали 4,5 трлн сўм кредит ажратилган.
Айрим банкларда ўсиш суръати айниқса юқори бўлган. Масалан, Бизнесни ривожлантириш банкида кичик бизнесга ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,9 баробар ошган. Шунингдек, Миллий банкда тадбиркорлик дастурлари доирасидаги кредитлар ҳажми 1,7 баробардан кўпроқ, Халқ банкида эса 1,3 баробарга ошган.
Микро, кичик ва ўрта бизнес иқтисодиётда янги иш ўринлари яратиш, хизматлар ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини кучайтиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис ушбу сегментга йўналтирилаётган кредитлар ҳажмининг ортиши иқтисодий фаолликни рағбатлантирувчи омиллардан бири сифатида баҳоланиши мумкин.
Бироқ кредитлаш ҳажмининг ошиши билан бир қаторда, маблағларнинг қайси соҳаларга йўналтирилаётгани, кредитларнинг қайтарилиши ва тадбиркорлик лойиҳаларининг самарадорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Умуман, 2026 йилнинг дастлабки етти ойидаги кўрсаткичлар микро, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш ҳажми кенгайиб, давлат дастурлари орқали ажратилаётган кредитларнинг умумий кредитлашдаги ўрни ҳам ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА