Янги банкнот ва тангалар ҳақида аҳоли камида бир ҳафта олдин хабардор қилинади
Янги намунадаги пул белгиларини муомалага чиқариш тартиби янада аниқлаштирилиши кутилмоқда
Марказий банк томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқноманинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатда банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш, уларнинг дизайнини тасдиқлаш ҳамда аҳолига бу ҳақда ахборот бериш билан боғлиқ қатор янги талаблар белгиланмоқда.
Лойиҳага кўра, янги намунадаги банкнот ва тангалар дизайни Марказий банк Бошқарувининг қарори билан тасдиқланади. Бу жараёнда пул белгиларининг ташқи кўриниши, уларда акс эттириладиган рамзлар ва тасвирларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, янги банкнот ва тангалар муайян мавзуга бағишланиши мумкин. Уларда Ўзбекистон тарихи, мамлакатнинг маданий мероси, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган шахслар, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, табиат, миллийлик ва қадриятларни ифода этувчи тасвирлар акс эттирилиши назарда тутилмоқда. Лойиҳадаги эътиборли жиҳатлардан бири — янги намунадаги банкнот ва тангаларнинг муомалага чиқарилиши ҳақида аҳолига олдиндан маълумот бериш талабининг белгиланаётганидир.
Унга кўра, янги банкнот ёки тангаларнинг муомалага чиқарилиши ҳақидаги ахборот, шунингдек, уларнинг тавсифи муомалага чиқариш санасидан камида бир ҳафта олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши шарт.
Бу талаб аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, банклар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки янги пул белгиси муомалага киритилиши билан унинг ташқи кўриниши, ҳимоя элементлари, номинали ва ҳақиқийлигини аниқлаш бўйича маълумотларга эҳтиёж пайдо бўлади.
Олдиндан берилган ахборот эса фуқароларга янги банкнот ёки тангаларни таниб олиш, уларнинг белгилари билан танишиш ва қалбаки пул белгиларидан эҳтиёт бўлиш имконини беради. Замонавий банкнотлар нафақат тўлов воситаси, балки мамлакатнинг тарихи, маданияти ва миллий қадриятларини акс эттирувчи муҳим рамзлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, лойиҳада банкнот ва тангалар дизайнида Ўзбекистоннинг тарихий мероси, табиати, миллий анъаналари ва тараққиёт йўлига оид мавзуларни ифодалаш имконияти белгиланаётгани аҳамиятли.
Айни пайтда банкнотларнинг дизайнида эстетик жиҳат билан бир қаторда уларни ҳимоя қилиш, қалбакилаштиришнинг олдини олиш ва аҳоли томонидан осон таниб олинишини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан саналади. Шу боис янги намунадаги пул белгиларини ишлаб чиқишда уларнинг ташқи кўриниши билан бирга замонавий ҳимоя технологияларидан фойдаланиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Банкнот ва тангаларнинг даврий равишда янгиланиши жаҳон амалиётида кенг қўлланилади. Бунга иқтисодиётдаги ўзгаришлар, инфляция жараёнлари, нақд пулга бўлган эҳтиёж, тўлов технологияларининг ривожланиши, шунингдек, пул белгиларини ҳимоя қилиш даражасини ошириш каби омиллар таъсир қилади.
Янги намунадаги банкнот ёки танганинг муомалага киритилиши эса амалдаги пул белгиларининг автоматик равишда бирданига муомаладан чиқарилишини англатмайди. Бундай жараёнлар алоҳида тартиб асосида амалга оширилади ва аҳолига тегишли ахборот берилади.
Айни пайтда мазкур ҳужжат лойиҳа мақомида бўлиб, жамоатчилик муҳокамаси натижаларидан келиб чиқиб унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Шунинг учун ҳужжатдаги қоидаларнинг якуний таҳрири қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда аниқлаштирилади.
Умуман, янги тартибнинг жорий этилиши нақд пул муомаласида очиқликни таъминлаш, аҳолини янги пул белгилари ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш ва банкнот ҳамда тангалардан фойдаланишда қулайлик яратишга хизмат қилиши мумкин.
Ш.Маматуропова, ЎзА