Каратэ WKF бўйича мамлакат чемпионати давом этмоқда
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да каратэ WKF бўйича Ўзбекистон чемпионати қизғин давом этмоқда.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган каратэчилар иштирокида ўтказилаётган мазкур мусобақа иқтидорли ёшларни кашф этиш, спортчиларнинг маҳорат даражасини ошириш ҳамда миллий терма жамоалар таркибига муносиб номзодларни саралашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Чемпионатнинг дастлабки куни ката йўналишида кучлилар сараланган бўлса, бугун кумитэ баҳсларига старт берилди. Турли ёш тоифаларида кечаётган беллашувларда иштирокчилар ўзларининг техник маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва тактик имкониятларини намоён этмоқда.
Ката йўналишининг жамоавий дастурида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Эркаклар ўртасида Каратэни ривожлантириш маркази жамоаси Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлди. Андижон вилояти вакиллари иккинчи, самарқандлик каратэчилар эса учинчи ўринни эгаллади.
Аёллар ўртасида кечган баҳсларда Самарқанд вилояти жамоаси олтин медалларни қўлга киритди. Хоразмликлар кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Андижон ва Тошкент вилояти вакилларига бронза медаллари насиб этди.
[gallery-32707]
Мазкур чемпионат мамлакатимизда каратэ спорт турини янада оммалаштириш, истиқболли иқтидор эгаларини аниқлаш ҳамда халқаро мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришда муҳим босқич ҳисобланади.
Мусобақа давом этмоқда.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА