Журналистлар Ангордаги янгиланишлар билан танишди
Сурхондарё вилоятидаги Ангор тумани ҳокимлиги ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар билан таништириш учун пресс-тур ташкил этди.
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари тумандаги ўзгариш ва янгиланишлар билан танишувни Янгиобод маҳалласида қад ростлаётган “Камбағалликдан чиқариш маркази”дан бошлади.
Янги марказ кам таъминланган ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, бандлигини таъминлаш ва фаровон турмуш кечиришига кўмаклашишга йўналтирилган.
Айни пайтда бу ерда замонавий пардалар тикиш, ахборот технологиялари ва компьютерда дастурлаш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда пайвандчилик соҳаларида ўқитиш йўлга қўйилган. Ҳозир 180 нафар ишсиз фуқаро ва кам таъминланган оила аъзолари ўзлари танлаган касбларни ўрганмоқда.
[gallery-29534]
Лойиҳа доирасида касб эгаллашга жалб этиш учун реестрга киритилган оиланинг касб-ҳунар эгаллаш истагидаги камбағал аъзоси аниқланиб, уста-шогирд анъанаси асосида шу йўналишдаги тадбиркорлик субъектининг тажрибали ишчисига бириктирилади. Унга бир ойдан уч ойгача касбда ўзи мустақил ишлай олгунга қадар ҳунар ўргатилади. Ўқиш харажатлари “ваучер” асосида тўлаб берилади. Марказ сертификатини олгач, мустақил иш бошлаши учун ссуда, субсидия, кредит ва бошқа молиявий кўмак берилиб, қўллаб-қувватланади.
Марказ тўлиқ ишга тушгач, фаолияти янада кенгайтирилади. “Камбағал оила реестри”га киритилган оилаларнинг ишсиз аъзоларини босқичма-босқич касб-ҳунарга ўргатиб, мустақил тадбиркорлик билан шуғулланишига кўмаклашиш уларнинг доимий даромад манбаини яратади. Ҳаёт тарзини ўзгартириб, ишсиз ёшларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини оширади. Камбағаллик даражасини қисқартириб, тўкин ва фаровон оилалар сафини кенгайтиради.
Тумандаги “Ғуломов Баҳриддин” фермер хўжалиги мева ва узум етиштиради. Тажрибали фермер ер майдонларидан самарали фойдаланиб, ҳосилдорликни ошириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Пресс-тур иштирокчилари фермер хўжалиги далаларида етиштирилаётган сархил маҳсулотлар ва уларни бозорга чиқариш ҳамда фермернинг келгуси режалари билан қизиқди. Меваларидан татиб кўрди. “Дурдона Асила Ангор” масъулияти чекланган жамияти корхонасида полиэтилен чиқиндиларини йиғиш ва қайта ишлаш орқали гранула ҳамда целлофан маҳсулоти ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Иштирокчиларга чиқиндиларни қайта ишлаш орқали экологик барқарорликни таъминлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Пресс-тур иштирокчилари Баҳор маҳалласида “Ангор-Агро Стар” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган замонавий иссиқхона фаолияти билан ҳам танишди. Иссиқхонада илғор технологиялар жорий этилган бўлиб, пиёз, карам, брокколи, гулкарам каби озиқ-овқат экинлари етиштирилмоқда. Маҳсулотнинг бир қисми экспортга йўналтирилгани лойиҳанинг иқтисодий аҳамиятини янада оширмоқда.
Журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаолларига мазкур лойиҳанинг аҳоли бандлигини таъминлаш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, иссиқхона фаолияти маҳалладаги томорқа эгаларини қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Туманда 150 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти 1 минг 500 гектардан зиёд майдонда талаб юқори бўлган экспортбоп мева-сабзавот, полиз етиштиради. Жорий йилда улар 46 минг тоннага яқин ҳосил олишни мўлжалламоқда. Йилнинг ўтган уч ойида уч миллион 537 минг долларлик мева-сабзавот хорижга экспорт қилинди.
Баҳор ва Илғор маҳаллалари томорқадан самарали фойдаланиб, қишин-ёзин турли озиқ-овқат экинлари парваришлашда бой тажриба тўплаган. Мўъжазгина томорқаларда ўзини-ўзи банд қилиб, помидор, бодринг, карам, дайкон, сархил кўкат ва бошқа маҳсулотларни парваришлайди. Аҳоли томорқаларида эрта баҳорда пишиб, етиладиган маҳсулотларнинг бир қисми Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларга экспорт ҳам қилинади. Шу куни пресс-тур қатнашчилари хонадонларда бўлиб, томорқа ер эгалари билан шу ҳақда суҳбатлашди. “Сайхунобод тажрибаси” асосида йўлга қўйилган ишларнинг самараларини ўрганди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири