Туркиянинг “Sağlık Bilimleri” университети билан меморандум имзоланди
Қорақалпоғистон тиббиёт институтида Туркиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — “Sağlık Bilimleri” университети ректори Кемалеттин Айдин бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлари номзоди Олимбой Ҳалимов ҳамда профессор, доктор Кемалеттин Айдин икки олий таълим муассасаси ўртасида тиббий таълим, илмий-тадқиқот фаолияти, академик алмашинув ва халқаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар.
Томонлар профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, малака ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда замонавий тиббий таълим тажрибаларини амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот якунида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум икки олий таълим муассасаси ўртасидаги халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, тиббий таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни таълим жараёнига татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ташриф доирасида Кемалеттин Айдин Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги болалар клиникасида бўлиб, у ерда яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди. Меҳмонларга клиникада болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш ҳамда амалий тиббий таълим йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Меҳмонлар муассасада соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.