Мариус Дан: “Ўзбекистон IPOси халқаро инвесторлар учун жуда жозибадор бўлди”
Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармасининг (UzNIF) IPOси мамлакат капитал бозорида янги босқични бошлаб берган муҳим воқеа сифатида баҳоланди. У сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, модернизация ва кенг кўламли трансформация сиёсати ўз самарасини бераётганини яққол намоён этмоқда.
Бу ҳақда “Templeton Global Investments” компаниясининг Марказий Осиё бўйича бош директори ҳамда “Franklin Templeton Asset Management” МЧЖ ХК бош директори Мариус Дан қуйидагича фикр билдирди:
– Аввало, мазкур матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) IPOси натижаларини муҳокама қилиш имконияти яратилганидан мамнунмиз. Жаҳон институционал инвесторларининг ушбу IPOга бўлган қизиқиши жуда юқори бўлди. Ўзбекистон бозори илгари халқаро инвесторлар учун деярли ёпиқ бўлган бўлса-да, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва модернизация жараёнлари туфайли Миллий инвестиция жамғармаси жуда жозибадор инвестиция платформасига айланди.
IPO Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг реал натижаларини яққол кўрсатди. Инвесторлар юртингизнинг келажакдаги иқтисодий истиқболларига ишонч билдирмоқда, чунки ислоҳотлар самараси компаниялар даромаддорлиги ва молиявий кўрсаткичларида аллақачон акс эта бошлаган. Келгусида эса бу тенденция янада кучайиши кутиляпти.
Жамғарма 2025 йил 1 майдан фаолият бошлаб, IPOга тайёргарликни зудлик билан бошлади. Акцияларни жойлаштириш жараёнида банклар, юридик маслаҳатчилар ва халқаро экспертлар жалб қилиниб, кенг қамровли маркетинг ва инвесторлар билан ишлаш стратегияси йўлга қўйилди. 2025 йил сентябридан 2026 йил апрелига қадар 27 мамлакатдан 147 та институционал инвестор билан учрашувлар ўтказилиб, дунё бўйлаб жами 470 дан ортиқ инвесторлик мулоқотлари ташкил этилди.
Бу жараёнда инвесторлар таркиби ҳам кенг қамровли бўлди. Пенсия жамғармалари, суверен фондлар, оилавий инвестиция офислари ва узоқ муддатли институционал сармоядорлар фаол иштирок этди. Натижада 2,8-2,9 миллиард доллар атрофида умумий талаб шаклланди ва IPO таклифи 4 баравардан ортиқ қопланди, айрим ҳолатларда эса 6-7 бараваргача ортиқ талаб кузатилди.
Буюртмаларнинг асосий қисми АҚШ ва Буюк Британия инвесторларига тўғри келди (қарийб 80 фоиз), Европа ва бошқа минтақалар ҳам фаол иштирок этди. Йирик сармоядорлар қаторида “BlackRock”, “Franklin Templeton” ва бошқа глобал инвестиция компаниялари ҳам иштирок этиб, дастлабки босқичда катта мажбуриятлар олди.
Маҳаллий бозор учун ушбу IPO тарихий аҳамият касб этади. У Тошкент фонд биржаси тарихидаги энг йирик IPO сифатида қайд этилди. Жойлаштиришнинг 71 фоиздан ортиғи чакана инвесторларга тўғри келиб, 5 мингдан зиёд иштирокчи жалб қилинди. Брокерлик платформалари ва JET иловаси асосида минглаб янги ҳисоблар очилди, шунингдек, хорижий инвесторлар ҳам Тошкент бозорида иштирок этишни танлади.
Ўзбекистон, Германия, Швейцария, Сингапур, Индонезия, Жанубий Африка ва бошқа давлатлар инвесторлари жараёнда қатнашди. Чакана инвесторларнинг фаоллиги ҳам юқори бўлиб, ўртача буюртма ҳажми сезиларли даражада юқори кўрсаткичларни ташкил этди.
Умуман олганда, IPO муваффақиятли якунланди ва у Ўзбекистон капитал бозори учун янги босқични бошлаб берди. Жамғарма энди асосий эътиборни мавжуд қизиқишни сақлаб қолиш, халқаро инвесторларни бозорда фаол ушлаб туриш ҳамда портфелдаги компанияларни босқичма-босқич IPOга чиқаришга қаратмоқда.
Келгусида мамлакат Президенти қарори билан белгиланган компанияларни ҳам бозорга олиб чиқиш режалаштирилган. Бу капитал бозори ликвидлигини ошириш, янги инвесторларни жалб қилиш ва Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.