Жиззахда аҳоли муаммолари юзасидан сайёр қабул ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасида Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова иштирокида фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатларига бағишланган сайёр қабул бўлиб ўтди.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган қабулда аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун тегишли лицензиялар олиш, ер майдонларини аукционга чиқариш ҳамда уларнинг жойлашувини ўзгартириш каби масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Мулоқот давомида ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Имкон қадар масалаларни жойида ҳал этишга эътибор қаратилди.
– Икки нафар ўғлимни мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб келдим, - дейди Моҳира Эрматова. – Мурожаатим тингланиб, уларнинг соҳага қарашли корхоналарда иш билан таъминланиши юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. Бу мен учун муҳим масала эди.
[gallery-32114]
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг ижроси вазирлик назоратига олинди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА