Йўл қурилишида 31,36 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар аниқланди
2026 йилнинг тўққиз ойида 492 та ҳолат бўйича сифатсиз бажарилган ишлар қийматини тўловдан чиқариш юзасидан буюртмачиларга талабномалар киритилди. Бу ҳақда Транспорт назорати инспекцияси Ахборот хизмати раҳбари Фирдавс Хайриддинов брифингда маълум қилди.
Шу даврда ўтказилган 1 минг 968 та назорат тадбирида 5 минг 815 та қоидабузарлик аниқланган. Уларнинг 5 минг 531 таси йўл-қурилиш объектларига тўғри келган. Қолган 284 таси йўлни ўзбошимчалик билан қазиш, сунъий нотекислик ва тўсиқлар ўрнатиш ҳамда қазилган жойларни тиклаш билан боғлиқ.
Қайд этилишича, йўллардаги ноқонуний қазиш ишларини сунъий йўлдошлар ва аэрокосмик технологиялар ёрдамида масофадан туриб аниқланади. Ушбу жараён Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади. Йўл-қурилиш объектларини рўйхатга олишдан фойдаланишга қабул қилишгача бўлган назорат жараёнлари “Йўл сифат назорати” ахборот тизими орқали юритилмоқда. Кўрсатмалар, тақдимномалар ва маъмурий баённомалар ҳам шу тизимда шакллантирилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти 3 карра ўсди. 2030 йилга бориб унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу эса йўл-транспорт ва логистика инфратузилмасини иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига мувофиқ ривожлантиришни талаб этади. Бугун Ўзбекистон ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўл ўтади. Уларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи ортиқча юклама билан ишламоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА