Навоийда талабалар ички ишлар органлари фаолияти билан танишди
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасида Навоий давлат университети талабалари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
Тадбирда вилоят прокурори ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва ўз олдига қўйган мақсадларига эришиши учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг талабалар бошқарма фаолияти, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат вазифалари ва иш жараёнлари билан яқиндан танишди. Жумладан, тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряд, махсус отряд ҳамда Эксперт-криминалистика маркази ходимлари фаолиятига оид кўргазмалар ташкил этилди. Уларда хизмат давомида фойдаланиладиган махсус воситалар, қурол-аслаҳалар, жанговар ва махсус транспорт воситалари намойиш қилинди.
Ёшлар 102 Вазиятлар маркази ва навбатчилик қисмида ҳам бўлиб, мурожаатларни қабул қилиш, тезкор ахборот алмашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнлари билан танишди.
Шунингдек, талабалар ички ишлар органларининг тарихи ва бугунги фаолиятини акс эттирувчи музей ҳамда ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари жамланган кутубхонани кўздан кечирди.
Айниқса, кинологлар ва хизмат итлари иштирокида ўтказилган амалий кўргазмали машғулотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Уларда жиноят содир этган шахсни қўлга олиш, гиёҳвандлик воситаларини аниқлаш ва из қидириш бўйича хизмат итларининг имкониятлари намойиш этилди. Талабалар ҳам айрим амалий жараёнларда бевосита иштирок этди.
[gallery-32129]
Мазкур тадбир ёшларни ички ишлар органлари фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини бойитиш, касбга қизиқишини ошириш ҳамда ватанпарварлик ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА