Рангларда жонланган тарих
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройининг катта кўргазмалар залида рассом Обиджон Собировнинг "Мерос" номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомни узоқ йиллар давомида ижод қилган энг сара асарлари намойиш этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, О. Собиров 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1992-1996 йилларда П. Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида таҳсил олган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг собиқ (М. Уйғур номидаги институти) бакалавриат ва магистратура босқичини тамомлаган.

Ўзига хос услуб ва маҳорат билан ишлайдиган рассомни кўпчилик яхши танийди. Рассом асарлари рамзий маънога бойлиги, миллий орнаменция ва халқ амалий санъати нақшларидан илҳомланиб яратилгани билан ажралиб туради. Унинг ижодида шарқ фалсафасида оила, тўкин-сочинлик ва барака рамзи ҳисобланган анор образи марказий ўрин тутади. Ижодий йўналиши рангтасвир, портерт, манзара жанрларида фаол ижод қилади.

О. Собировнинг ушбу “Мерос” номли шахсий кўргазмаси ҳам миллий ўзликни англаш, ота–боболардан қолган ўлмас анъаналар ҳамда фалсафий мушоҳадалар ранглар воситасида акс эттирилган. Рассомнинг услуби бой ва ёрқин ранглар палитраси, композицион мукаммаллик ҳамда миллий миниатюра ва халқ амалий санъати элеминтларининг замонавий ранфтасвир (академик ва ижодий услублар) билан уйғунлашиб кетган.

Мазкур кўргазмада жорий йилнинг 1 ноябрига қадар давом этади.
Гулноза Бобоева,ЎзА