Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Зарбдор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий кўп тармоқли поликлиникада “Бирга ҳаётни сақлаймиз!” шиори остида навбатдаги беғараз қон топшириш акцияси ўтказилди. Жиззах вилоят қон қуйиш станцияси мутахассислари ташкил этган тадбирда тиббиёт ходимлари ва туман аҳолиси фаол иштирок этиб, инсон ҳаётини асрашдек эзгу мақсадга муносиб ҳисса қўшдилар.

Шу куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Маҳмарасул Умаровнинг сайёр қабули ва чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Сайёр гуруҳ мутахассислари донорларни зарур тиббий кўрикдан ўтказиб, қон топшириш жараёнининг хавфсиз ва қулай ўтишини таъминлади.

***
Шароф Рашидов туманининг Мўлканлик маҳалласида янги воркаут майдони фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва Спорт мактаби вакиллари иштирок этди.

Мазкур спорт маскани маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида гимнастрада спорт тури бўйича республика босқичида муносиб иштирок этган спортчи қизларнинг ютуғи эвазига барпо этилди.

***
Жиззах политехника институти Транспорт муҳандислиги факультети 1-босқич талабалари ўртасида “Мустақил Ўзбекистон – менинг фахрим” мавзусида иншолар танлови ташкил этилди.

Ёшлар иншоларида мамлакатимизнинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти, миллий қадриятлар, тарихий мерос ва Янги Ўзбекистонда ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақидаги фикрларини баён этди.
Иштирокчиларнинг ишлари 100 баллик тизим асосида мавзунинг тўлақонли очиб берилганлиги, имловий саводхонлик, сўз бойлиги ва услубий маҳорат, Ўзбекистон ҳақидаги фикр ва қарашларнинг ёритилганлиги, хулосавий фикрларнинг мавжудлиги ҳамда уларни ифода этиш маҳорати бўйича баҳоланди.

Танлов жараёни ҳакамлар ҳайъати томонидан назорат қилиниб, ишлар танлов низоми талаблари асосида холисона баҳоланди. Якунга кўра, 1-ўринни логистика гуруҳи талабаси Маржона Сапарова, 2-ўринни ТВМ гуруҳидан Отабек Қаюмов, 3-ўринни эса логистика гуруҳи талабаси Илҳомжон Эргашев эгаллади.
***

Дўстлик туманининг “Олтин водий” маҳалласида камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш ва оилалар фаровонлигини юксалтириш мақсадида хонадонбай ишлаш тизими изчил давом этмоқда.

Маҳалла масъуллари хонадонларга кириб, оилаларнинг муаммо ва эҳтиёжлари, қизиқишлари ҳамда мавжуд имкониятларини ўрганмоқда. Суҳбатлар асосида аҳоли даромадларини кўпайтириш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий таклифлар берилмоқда.

Бунда асосий эътибор ҳар бир оиланинг имкониятини ишга солиш, аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш ва фаровон турмушини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилмоқда.
***

Зомин туманида ички ишлар органлари масъуллари иштирокида умумий ўрта таълим мактабларида профилактик учрашувлар ўтказилди. Уларда ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, интернетдаги шубҳали ҳаволаларни очмаслик, банк карта маълумотларини сир сақлаш зарурлиги тушунтирилди.

Шунингдек, интернет тармоқларидаги ёт ғоялар, бузғунчи оқимлар ва экстремистик мазмундаги материаллар таъсирига тушиб қолмаслик юзасидан зарур тавсиялар берилди. Учрашувлар якунида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг салбий оқибатларини акс эттирувчи видеолавҳалар намойиш этилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири