ЖЧ-2026: Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиалдаги илк ўйинига бир кун қолди
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигидаги XXIII Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг биринчи тури ўз якунига етмоқда. Мухлислар эътибори Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиал тарихидаги илк ўйинига қаратилган.
Футбол бўйича АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган XXIII Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг биринчи тур баҳслари ўз якунига етмоқда. 17-18 июнь кунлари “K” ва “L” гуруҳларидаги учрашувлар бўлиб ўтади.
Дастлаб, 17 июнь куни “K” гуруҳидан ўрин олган Португалия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ўзаро куч синашади. АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги “Эн-ар-джи” стадионида бўлиб ўтадиган мазкур баҳс Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.
Мазкур гуруҳнинг иккинчи учрашуви эса 18 июнь куни Мексика пойтахтидаги “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк ўйинида Колумбия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 07:00 да старт олади.

Баҳс олдидан ФИФА мутасаддилари, учрашув комиссарлари ҳамда ҳар икки жамоа расмийлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда ўйинни ташкил этиш, хавфсизлик, либослар ва бошқа ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, мазкур учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари тўлиқ оқ, дарвозабон эса тўқ сариқ рангли либосда ҳаракат қилади.
“L” гуруҳидаги баҳслар ҳам 18 июнь кунига ўтар кечаси старт олади. Англия ва Хорватия терма жамоалари ўртасидаги учрашув соат 01:00 да бошланса, Гана ҳамда Панама жамоалари соат 04:00 да майдонга чиқади.
Мазкур учрашувлар якунланганидан сўнг Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг биринчи тур баҳслари тўлиқ ортда қолади ва жамоалар иккинчи тур учрашувларига киришади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА