ЖЧ–2026: Мбаппе, Ҳоланд ва Месси ўзини кўрсатди, навбат Роналдуга
Футбол бўйича АҚШ, Канада ва Мексикада ўтаётган Жаҳон чемпионатида бир қатор юлдузлар порлай бошлади.
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатида “I” ва “J” гуруҳларида биринчи тур учрашувлари якунланди.
АҚШнинг Ист-Ратерфорд шаҳридаги “МетЛайф” стадионида “I” гуруҳидан ўрин олган Франция ва Сенегал терма жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Учрашув Франциянинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ғолиб жамоа сафида Килиан Мбаппе икки бор, Брэдли Барколя эса бир марта рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Мазкур гуруҳнинг иккинчи учрашувида Норвегия ва Ироқ терма жамоалари майдонга тушди. Ҳисоб 23-дақиқада Эрлинг Ҳоланд томонидан очилди. 39-дақиқада Аймен Ҳусейн мувозанатни тиклади. Бироқ, биринчи бўлим якуни арафасида “Пахтакор” клуби ҳимоячиси Зайд Таҳсиннинг хатосидан унумли фойдаланган Ҳоланд ўзининг иккинчи голини урди. Иккинчи бўлимда Лео Эстигор ҳам гол муаллифига айланди. Учрашувга қўшиб берилган вақтнинг еттинчи дақиқасида Кристиан Торстведт ҳисобни 4:1 кўринишига келтирди.
Шу тариқа, биринчи турдан сўнг Франция ва Норвегия терма жамоалари 3 очкодан жамғарди. Тўплар нисбатига кўра норвегияликлар гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. Сенегал ва Ироқ эса очкосиз қолмоқда.
“I” гуруҳининг иккинчи тур учрашувлари 22 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Норвегия — Сенегал ҳамда Франция — Ироқ терма жамоалари ўзаро куч синашади.

“J” гуруҳида эса амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси мусобақадаги иштирокини ғалаба билан бошлади. АҚШнинг Санта-Клара шаҳридаги “Ливайс” стадионида бўлиб ўтган баҳсда аргентиналиклар Жазоирни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдаги барча голларга жамоа сардори Лионель Месси муаллифлик қилди.
Ушбу хет-трик натижасида Мессининг Жаҳон чемпионатлари финал босқичларидаги голлари сони 16 тага етди. Шу тариқа, у мазкур кўрсаткич бўйича германиялик Мирослав Клозе натижасига тенглашди.

Шунингдек, Австрия ва Иордания терма жамоалари баҳси 3:1 ҳисобида якунланди. Энди 22 июнь куни “J” гуруҳида Аргентина ва Австрия термалари ўзаро рақобатлашади. Шу куни эса Иордания ҳамда Жазоир термалари мундиалдаги илк очколари учун баҳсга киради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА