"Баркамол авлод" – келажак чемпионларини кашф этган мусобақа
Қарийб 100 минг нафар ёшни қамраб олган “Баркамол авлод–2025/2026” мусобақалари якунланди. Бир неча босқичли саралашлар орқали иқтидорли спортчилар кашф этилди ва ҳудудлар ўртасидаги рақобат яна бир бор намоён бўлди.
Мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган “Баркамол авлод” спорт мусобақалари алоҳида аҳамият касб этади.
2025 йил ноябрь – 2026 йил май ойлари давомида ташкил этилган “Баркамол авлод–2025/2026” мусобақалари нафақат қатнашчилар сони, балки қамрови, географияси ва рақобат даражаси билан ҳам эътиборга лойиқ бўлди. Академик лицейлар, техникумлар ҳамда профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган мусобақаларда қарийб 100 минг нафар ёш иштирок этди.
Мусобақаларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар фақат ғолибларни аниқлаш билан чекланиб қолмай, мамлакат спорт захирасини шакллантиришнинг муҳим бўғини вазифасини ҳам бажарди. Дзюдо, енгил атлетика, эркин ва юнон-рум кураши, белбоғли кураш, шахмат, шашка, волейбол, баскетбол, футбол, гандбол каби 16 та спорт турини қамраб олган баҳслар ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилди.

Рақамларга мурожаат қилинса, мусобақаларнинг биринчи босқичида 98 минг 673 нафар ўқувчи қатнашган. Кейинги саралаш босқичларида иштирокчилар сони табиий равишда қисқариб борган бўлса-да, рақобат кескинлашди. Туман ва шаҳар босқичларида 77 минг 568 нафар, ҳудудий босқичларда 24 минг 856 нафар спортчи иштирок этди. Энг сара спортчилардан иборат 3 минг 94 нафар ёш эса республика финал босқичига йўлланма олди.
Бу кўрсаткичлар ҳар 30 нафарга яқин иштирокчидан фақат биттаси республика финалигача етиб келганини кўрсатади. Бу эса мусобақаларнинг танлов ва саралаш тизими юқори даражада ташкил этилганидан далолат беради.
Финал босқичлари мамлакатнинг турли ҳудудларида ташкил этилгани ҳам аҳамиятли жиҳат. Шаҳрисабзда дзюдо, Жиззахда енгил атлетика, Бухорода миллий ва олимпия спорт турлари, Гулистонда бадминтон, Қўқонда белбоғли кураш, Самарқандда шахмат ва шашка, Урганчда стол тенниси, Навоийда футбол ҳамда Тошкент шаҳрида гандбол мусобақалари ўтказилди. Бу эса спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ва ҳудудларда спорт муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Мусобақалар натижаларига назар ташланса, айрим ҳудудлар бир неча спорт турида юқори натижалар қайд этгани кўзга ташланади. Хусусан, Тошкент шаҳри енгил атлетика, шахмат-шашка, волейбол, баскетбол ва гандбол каби қатор йўналишларда етакчилик қилди. Бухоро вилояти кураш спорт турларида ўз мавқеини намоён этган бўлса, Хоразм вилояти бадминтон, стол тенниси ҳамда Street Workout йўналишларида юқори натижаларга эришди.

Умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри биринчи ўринни эгаллади. Пойтахт жамоаси йил давомида турли спорт турларида барқарор натижа қайд этди. Бухоро вилояти иккинчи, Хоразм вилояти эса учинчи ўринни қўлга киритди. Бу эса мазкур ҳудудларда спортчиларни тайёрлаш тизими самарали йўлга қўйилганини кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, бундай мусобақаларнинг энг муҳим натижаси медаллар эмас, балки спорт билан мунтазам шуғулланувчи ёшлар сонининг ортишида намоён бўлади. Айни пайтда профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўплаб ёшлар айнан шу мусобақалар орқали ўз иқтидорини намоён этиш имкониятига эга бўлмоқда.

“Олимпия шаҳарчаси”да бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларнинг муносиб рағбатлантирилгани ҳам ёшларнинг спортга қизиқишини янада кучайтиришга хизмат қилади. Хусусан, юқори натижа қайд этган ҳудудларга Президент совғалари ва замонавий спорт анжомларининг топширилгани бу борадаги эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.
“Баркамол авлод–2025/2026” мусобақалари мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, соғлом ва фаол ёшлар қатламини шакллантириш ҳамда келажакда халқаро майдонларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларни кашф этишга хизмат қилган муҳим спорт лойиҳаларидан бири сифатида ёдда қолади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА