Ижтимоий ҳимояда рақамлар эмас, инсон манфаати мезон бўлиши керак
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида 2026 йилнинг етти ойи давомида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар, аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар самарадорлиги ҳамда эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар таҳлил қилинди.
Унда асосий эътибор аҳолига ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида кўрсатиш, эҳтиёжманд фуқароларни аниқлаш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимининг натижадорлигини ошириш масалаларига қаратилди.
Таъкидланганидек, бугун тумандаги 40 та маҳаллада 40 нафар ижтимоий ходим фаолият юритиб, аҳоли билан бевосита ишламоқда. Ўрганишлар натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 750 нафардан зиёд фуқаро аниқланиб, тегишли хизматлар билан қамраб олинган.
Ҳисобот даврида аҳолига 120 турдаги 14 минг 817 та ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан эҳтиёжманд фуқароларга 1,9 миллиард сўмлик моддий ёрдам ажратилган. Бу маблағлар даволаниш, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жойни таъмирлаш, ижара ва коммунал тўловлар каби зарур эҳтиёжларга йўналтирилган.

Депутатлар муҳокамасида ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Туманда 6 минг 544 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилиши инобатга олиниб, уларни реабилитация воситалари, протез-ортопедия мосламалари ва зарур ижтимоий хизматлар билан таъминлаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Шу билан бирга, камбағал оилалар билан индивидуал ишлаш тизими ҳам кучайтирилмоқда. Реестрга киритилган оилалар учун 3 минг 405 та индивидуал режа ишлаб чиқилган. Бу ёндашув ЎзЛиДеПнинг ижтимоий сиёсатдаги муҳим тамойили — аҳолига фақат бир марталик ёрдам кўрсатиш эмас, балки унинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратиш мақсадига ҳамоҳангдир.
Йиғилишда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини баҳолашда фақат кўрсаткичлар билан чекланиб қолмаслик зарурлиги қайд этилди. Энг муҳими, кўрсатилаётган хизмат ва ёрдамлар инсоннинг ҳаётида қандай натижа бераётгани, оилаларнинг оғир ижтимоий вазиятдан чиқишига қай даражада кўмаклашаётганидир.
Шундан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳи томонидан ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар устидан депутатлик назоратини кучайтириш, аҳоли мурожаатларини жойларда ўрганиш, ёрдамларнинг манзиллилигини таъминлаш ва камбағал оилаларни барқарор даромадга олиб чиқишга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири